Янги ўқув йили бошланди: “Ипак йўли” туризм халқаро университети замонавий таълимга тайёрми?

“Ипак йўли” туризм халқаро университети биринчи проректори профессор Жўлибой Элтазаров янги ўқув йилида қандай ўзгаришлар рўй бериши ҳақида сўзлаб берди.

- Дунё бўйича хавфли COVID-19 вируси пандемияси тарқалиши оқибатида ўқитишнинг онлайн тизимига босқичма-босқич ўтишга имкон қолдирмади. Табиийки, таълим тизимининг “ўзига хос” шаклига мослашишнинг биринчи босқичида барча олий таълим муассасаларида камчилик ва хатолар кузатилди.

Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги шундай қийин бир вазиятда тезкорлик билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабларига мос равишда ҳар бир олий ўқув юрти учун қулай шарт-шароит яратиб берди. Бундай шароитга ўз вақтида мослашиш ва методик тавсиялардан тўғри фойдаланиш ўз самарасини берди ва таълим тизими ўз фаолиятини изчил давом эттирди. Бу хатти-ҳаракатлар барча хавф-хатарлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилганлиги туфайли кутилган самарани берди.

Янги ўқув йили қай тарзда бошланади?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эълон қилган вариантларга мувофиқ, янги ўқув йилини анъанавий кундузги шаклда бошлаш мумкин бўлади. Ҳозирча бу фақат биринчи курсларга тааллуқли. Катта курслар эса онлайн тарзда давом этади. Лекин эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши билан қолган босқич талабалари ҳам ўқитишнинг кундузги шаклига ўтиши мумкин.

Қай бири фойдали - анъанавий таълимми ёки масофавий?

Шуни унутмаслик керакки, ўқитишнинг онлайн шакли ҳар қанча қулай бўлмасин, анъанавий таълим ўрнини босолмайди. Университетга янги қабул қилинган талабаларнинг сифатли таълим олиши, аудиторияда ўтириб, профессор-ўқитувчиларнинг маърузаларини тинглаши ва ўзини ҳақиқий талабадек ҳис қилиши биз учун жуда муҳим. Албатта, уларнинг хавфсизлиги ва соғлиғи энг муҳим мезон ҳисобланади. Шу боисдан янги “ақлли кампус” талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги илғор технологиялар билан жиҳозланган. Университет биносига кираверишда тана ҳарорати ўлчанади, қўллар антисептик воситалар билан қайта ишланади.

Бу каби антисептик пунктлар бинонинг ҳар бир қаватида, жумладан, кутубхона, ошхона, спорт-зал, мажлислар ва маърузалар зали олдида ташкил этилади. Кенг ва шинам ўқув хоналари талабаларнинг ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлашиш имконини беради. Худди шундай хавфсизлик чоралари ошхонада ҳам амалга оширилади. Видеокузатув тизими одамлар тўпланишининг олдини олишга ёрдам беради. Бутун кампус радиотармоқ билан жиҳозланган. Улар орқали антивирус чораларига риоя қилиш талаблари ва бошқа муҳим хабарлар янграб туради.

Университетнинг янги биноси юқори тезликдаги интернет билан жиҳозланган

Айтиш лозимки, ўқитиш жараёни “ойнали” бўлиб, ягона фарқ машғулотларни олиб бориш усулида сезилади. Бир томондан, ўқитувчидан тўғридан-тўғри талабага, бошқа тарафдан, EDMODO тизимида «онлайн-синфлар» ёрдамида амалга оширилади.

Ўқув режалари шу тариқа тузилганки, кундузги ва онлайн дарслар ўқитувчилар ва талабаларга ҳеч қанақа ноқулайлик туғдирмайди. Янги методиканинг муҳим жиҳати шундаки, у жаҳон тажрибасидан келиб чиқади ва бизнинг шароитда ҳам ўз аксини топади: реал вақт режимида ўқув машғулотларининг видеоёзуви ва намойиши. Барча ёзувлар онлайн-машғулотлар базасида сақланади, керакли видео-маърузалар эса онлайн режимида ўқиётган талабанинг шахсий кабинетида юкланади. Бундан ташқари, шахсий кабинетда ўқитувчилар тақдимотлар, ўтилган дарс мавзулари жойлашган файлларни юклашади. Бу эса ўз навбатида, талабаларга фанни ўзлаштириб, мавзуни такрорлаш ва уйга топшириқларни бажариш имконини беради. Шахсий кабинетда ҳар бир вазифанинг бажариш муддати ҳам қайд этилади.

Асосий мақсадимиз - ҳатто пандемия шароитида ҳам ўқитувчилар учун қулай муҳитни сақлаган ҳолда юқори сифатли таълимни давом эттиришдир. Университетнинг янги биноси юқори тезликдаги интернет билан жиҳозланган, шунинг учун ўқитувчиларимиз барча имкониятлардан бемалол фойдаланишлари мумкин.

Биз нафақат масофавий таълим тизимини, балки асосий видеоконференцалоқа платформаларини ҳам ўзлаштирдик

Шуни айтиш лозимки, таълим сифатини ошириш ҳали ҳам устувор вазифа бўлиб турибди. Масофавий ўқитиш улушининг кўпайиши билан боғлиқ вазиятда биз талабалар билан биргаликда таълим сифатини қандай назорат қилиш ҳақида ўйлашимиз керак. Фикримча, ўқув сифатини анъанавий (кундузги) форматда ҳам, масофадан туриб ҳам кузатиб бориш учун талабаларни жалб қилиш зарур. Авваламбор, биз волонтёрлар ҳаракатининг ривожланишини ва талабалар фаоллигининг ўсишини рағбатлантиришни режалаштирмоқдамиз.

Университет масофавий таълимга ўтишни аъло даражада бажарди. Бундан ташқари, биз нафақат ўқув жараёнини онлайн режимга ўтказдик, балки университетнинг илмий ва ижтимоий фаолияти: илмий-амалий конференциялар, баъзи талабалар тадбирларини ҳам масофавий тарзда ўтказишга муваффақ бўлдик.

Шунингдек, Корея халқаро тадқиқотлар университети, Самарқанд давлат университети, Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети, Амалий тилшунослик маркази (АҚШ) ва Таржима ва маданиятлараро тадқиқотлар маркази - CTIS (Буюк Британия) билан ҳамкорликда бир қатор халқаро конференциялар ўтказдик. Ўйлайманки, ушбу амалиётни баъзи босқичлар учун сақлашимиз керак. Чунки шу тариқа талабалар турли мамлакатларнинг энг яхши маърузачиларини эшитиш имкониятига эга бўлишади. Биз нафақат университетда масофавий таълим тизимини, балки асосий видеоконференцалоқа платформаларини ҳам ўзлаштирдик, замонавий технологиялар туфайли ўқитувчилар талабалар билан жонли мулоқотни сақлаб қолишди.

Яқинда Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Жаҳон Туризм ташкилоти (UNWTO) академияси ва Европа туризм университетлари уюшмаси вакиллари билан ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви муҳокама қилинди. Хусусан, UNWTO академияси ва Европанинг таниқли университетлари бизнинг университетимизга келгуси йилларда аккредитациядан ўтган энг яхши ўқитувчиларни тақдим этади. Туризм соҳасидаги юқори малакали хорижий мутахассислар ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашади. Ҳар бир фан якунида талабаларимиз UNWTO академияси сертификатларини олиш имконига эга бўлади.

Университетга суҳбат асосида малакали ўқитувчилар ишга олинди

Июнь-июль ойларида вақтли матбуотда университетга ишга таклиф қилиш бўйича реклама берилди. Август ойининг бошида ўқитувчиларни қабул қилиш учун суҳбат ўтказилди. Бу йилги танлов жуда кескин, аммо адолатли ўтди. Айниқса, номзодлар орасида нуфузли хорижий университетларда таҳсил олган ватандошларимизнинг борлиги қувонарлидир. Ушбу ёш кадрлар дунёнинг энг нуфузли университетларининг 500 талигига кирувчи хорижий ОТМларда таълим олишган, малака ва амалий кўникмалар тўплашган.

Суҳбатдан муваффақиятли ўтган ўқитувчилар ISO9001-2015 халқаро таълим стандартларига мувофиқ иш олиб борадилар ва ёшларга дунё стандартларига мос шаклда таълим берадилар. Зеро, университет ўқув дастури халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган жаҳон стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Шоҳида МУСТАЕВА суҳбатлашди.