Янги ўқув йилида ўқувчиларни бепул овқатлантириш қандай амалга оширилади?
“2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонда 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб 1-4-синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашни ташкил этиш белгиланган.
Натижада, жорий йилда бепул овқат бериш тизими билан 2,5 миллион нафар ўқувчини қамраб олинади ва ушбу мақсадларга 2,7 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилади.
Айтиш керакки, 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ушбу тизим билан 273 минг нафар ўқувчи қамраб олинди. Хўш, Самарқанд вилоятидаги умумтаълим муассасалари, тадбиркорлар мазкур жараёнга нечоғлик тайёр? Бу масалада нима ишлар амалга оширилиши керак? Шу саволлар билан вилоят санитария эпидемиологик-осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими бошлиғи Ирода Ариповага мурожаат қилдик.
- Яқинда берилаётган бепул овқат турлари ўқувчиларнинг ёши ва соғлиғи ҳолатига кўра меъёрланган ҳолда етказиб берилаётгани, санитария талабларига жавоб беришини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятида республика семинарида иштирок этиб қайтдик, - дейди И.Арипова. - Мазкур жараён билан, унинг ютуқ ва камчиликлари билан тўлиқ танишдик. Аввало шуни таъкидлаш керакки, овқатланиш деганда иккинчи дарсдан сўнг бериладиган, иккинчи нонушта сифатида ўтадиган қуруқ таомланиш кўзда тутилган. Ушбу нонушта таркибида фаслга қараб ҳўл мева, печенье ва яна бир қандолат маҳсулотидан иборат, қадоқланган маҳсулотлар киради. Бу ҳар бир ўқувчи учун ўртача 4-5 минг сўм миқдордаги маҳсулотларни ташкил этади. Тадбиркорлар бу маҳсулотларни барча санитария меъёрларига жавоб берадиган тартибда, аниқ, белгиланган миқдорда мактаб ошхонасига етказиб бериш вазифасини ўз зиммасига олади. Семинар жараёнида мазкур тартибларни бузган ёки етарлича эътибор қаратмаган мутасаддиларга жарима қўлланилгани таъкидланди.
- Яъни айтмоқчисизки, ижтимоий тармоқларда болаларга етказиб берилаётган мевалар орасида чириган, яроқсизлари ҳам борлигидан шикоят тарзда тарқалган видеоларга дахлдор кишилар жаримга тортилган.
- Худди шундай. Мактаб ўқувчиларига мазкур маҳсулотларини етказиб беришда хатоликларга йўл қўйиш, бунга эътибор қаратмаслик жиддий чораларқўлланилишига асос бўлади.
- Болаларга иккинчи нонушта сифатида берилаётган озуқалар орасида сут маҳсулотлари йўқлиги таажжубланарли. Ахир болалар организми учун сутнинг ўрни жуда катта. Қолаверса, йогурт ва бошқа шунга ўхшаш егуликлар бўлиши улар учун фойдалироқ эмасми? Нега менюда бу маҳсулотлар йўқ?
- Тўғри, семинар давомида кўпчилик шу масалага эътибор қаратди. Асосий сабаб сут маҳсулотларининг иссиқ пайтларда тез ачиб қолиши ва уларнинг бола организмига ножўя таъсиридир. Умуман олганда, таомнома ўқув йили бошлангунга қадар янада такомиллаштирилиши ҳамда ўрганишлар, Хоразмда ўтган тажриба синов жараёни тўлиқ таҳлил этилиб, янада самарали ечимга келиш кутилмоқда.
- Мактабларда иккинчи нонушта ташкил этишда ушбу муассасалардаги ошхоналар ҳам маълум талабларга жавоб бериши керак. Айтингчи, бу ҳолатлар ўрганилдими?
- Бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тасаруфидаги 1255 та мактабда 320099 нафар болалар 1-4 синфларда таҳсил олмоқда. Жорий йилнинг март ойида шаҳар ва туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари мутахассислари умумтаълим мактабларида ўрганиш олиб борди. Аниқланишича, ҳозирги кунда 304 та мактабда ошхона ошхона мақомида, хоналар сони, жиҳозлар бўйича талаб даражасида, қолган мактабларда битта хонада, буфет сифатида фаолият юритиб келмоқда. Афсуски, хоналар тўлиқ керакли жихозлар билан жиҳозланмаган. Коммуникация тизимлари носоз ҳолда (ичимлик сув, оқова тармоқлари, вентиляция тизимлари, иситиш тизимлари ишламайди). Ошхона электр жиҳозлари ва мебеллари носоз ёки умуман ташкил этилмаган. Айрим мактаблар оқиб турувчи совуқ сув ва иссиқ сув билан таъминланмаган. Бунинг учун сиғимлар ҳам ўрнатилмаган. Ўқувчиларни шахсий гигиенага риоя қилиши учун раковиналар бўлса-да, носоз ҳолдалиги ёки умуман ташкил этилмаганлиги кузатилди.
- Баъзи мисолларни келтира оласизми?
- Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги 18-умумтаълим мактаб ошхонаси бир қаватли лойиҳавий бинода жойлашган. Ошхона биносида иссиқ, совуқ цехлар (хом гўшт, сабзавотлар, ун маҳсулотлари учун), омборхонаси, овқатланиш зали мавжуд. Барча хоналари капитал таъмирталаб. Иссиқ, совуқ цехлари тўлиқ фаолият кўрсатмайди. Хом озиқ-овқат махсулотларини тозалаш, таомларни тайёрлаш, идишларни ювиш битта хонада амалга оширилмоқда. Махсус қопламали столлар етарли миқдорда эмас, идишларни ювиш учун барча шароити яратилмаган.
59-умумтаълим мактаб ошхонаси уч қаватли бинонинг биринчи қаватида бир хонали мослаштирилган бинода жойлашган. Ошхона биносида иссиқ, совуқ цехлари омборхона йўқ. Овқатланиш зали бор-йўғи 10 ўринга мўлжалланган. Идишларни ювиш шароити тўлиқ яратилмаган. Ошхона жихозлари, катта электр, газ плиталари, вентеляция зонди йўқ, иссиқ сув йўқ.
Ёки Жомбой туманидаги 56 та мактаб ошхоналарининг барчасида хонаси етишмайди. Коммуникация тизимлари носоз, ишламайди. Идиш ювиш ванналари етарли миқдорда ташкил этилмаган.
Пастдарғом туманидаги 127 та мактабнинг 109 тасида ошхона мавжуд эмас. Фақатгина 18 та мактаб ошхонаси бўлиб, уларнинг учтаси, яъни 21, 8, 23-мактабларда ошхоналар лойиҳа асосида қурилган. Лекин жиҳозлар билан жиҳозланмаган.
- Бу камчиликлар болалар учун ажратилаётган оммавий иккинчи нонуштани амалга оширишда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқарадику?!
-Албатта шундай. Ушбу камчиликларни янги ўқув йили бошлангунига қадар бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга ўрганиш ва таклифларимиз натижалари тақдим этилган. Ўйлаймизки, уларни бартараф этиш учун муддат етарли бўлади.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.