Янги ўқув йилидан мактабларда математика, кимё ва биология фанлари чуқурроқ ўргатилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси ҳамда 2020 йил 31 январь куни математика, кимё, биология ва геология илм-фанини ривожлантишга бағишланган йиғилишида илм-фаннинг устувор йўналишлари сифатида математика, кимё, биология ва геология соҳалари белгиланди.
Шу мақсадда, Халқ таълими вазирлиги томонидан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб математика, кимё ва биология фанларини чуқурроқ ўргатиш учун мазкур фанларга қўшимча дарс соатлари ажратилди.
Жумладан:
- 10-синф “Математика” фанига ҳафтасига 1 соат;
- 10-11-синф “Кимё” фанига ҳафтасига 1 соатдан (жами 2 соат);
- 10-11-синф “Биология” фанига ҳафтасига 1 соатдан (жами 2 соат).
Шунингдек, 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да мамлакатимизда таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологиялари жорий этилиши муносабати билан 5-6-синфларда “Информатика ва ахборот технологиялари” фанига ҳафтасига 0,5 соатдан (жами 1 соат) қўшиб берилди.
Эндиликда, халқ таълими тизимида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб:
- математика фани ҳафтасига 55 соат (ўтган йилда 54 соат);
- кимё фани ҳафтасига 12 соат (ўтган йилда 10 соат);
- биология фани ҳафтасига 15 соат (ўтган йилда 13 соат);
- информатика фани ҳафтасига 10 соат ўқитилади (ўтган йилда 9 соат).
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майда “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2020 йил 12 августда “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.