Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла қандай бўлади?
2026 йилда вилоятимизнинг 32 та маҳалласига “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилиб, маҳаллаларнинг ҳар бирига 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши белгиланган. Бу орқали ушбу маҳаллалар аҳолининг яхши яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига хизмат қилувчи намунали масканга айлантирилади.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси масъули Юсуфжон Салимовнинг таъкидлашича, вилоятимиздаги шаҳар ва туман ҳокимликларидаги “Ислоҳотлар штаби” аъзолари ҳамкорлигида Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла сифатида вилоят бўйича 50 та маҳалла рўйхати шакллантирилган.

— Давлатимиз раҳбарининг “Алоҳида туман ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туташ маҳаллаларни боғловчи марказ вазифасини бажарадиган, йирик автомобиль йўллари ёки чегара ҳудудларига яқин жойлашган, аҳолиси зич ва кўп, инфратузилмаси тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шароитлар зарур бўлган ҳудудлар танлаб олинди, — дейди Й.Салимов. — Шунингдек, маҳаллаларда савдо, сервис ва кичик ишлаб чиқариш объектларининг мавжудлиги, бўш ер майдонлари ёки давлат мулки иншоотларининг бўлиши, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш ва микросаноат марказларини ташкил этиш имкониятлари ҳам ҳисобга олинган. Бундан ташқари, шаҳар ва туман ҳокимлари ташаббуси билан яна 18 та оғир тоифадаги маҳалла танланиб, Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллалар сони 50 та этиб белгиланди.
Ҳозирда ушбу маҳаллаларнинг муаммолари, инфратузилмаси билан боғлиқ эҳтиёжлари ўрганилиб, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Айни шу жараён билан танишиш мақсадида Булунғур туманида бўлдик.

Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Булунғур тумани бўлими бошлиғи Ҳасан Эгамбердиевнинг маълум қилишича, Президент қарорига асосан туманнинг Килдон ва Зарафшон ҳамда туман ҳокими ташаббуси билан Оқтепа маҳаллалари Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла сифатида танланиб, уларни “Тараққиёт ва етакчилик” масканига айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган.
— Туман “Ислоҳотлар штаби” ходимлари ҳамкорлигида 49 та маҳалланинг инфратузилмаси, ишсизлик даражаси ва иқтисодий имкониятларини таҳлил қилиб, қарорда белгиланган талаблар асосида учта маҳалла рўйхати шакллантирилди ва ҳар бирига 5 миллиард сўмдан маблағ йўналтирилди, — дейди Ҳ.Эгамбердиев. — Жумладан, тўрт маҳалла марказида жойлашган Килдон маҳалласида янги маҳалла биноси қуриш, ички йўлларни асфальтлаш, пиёда ва саломатлик йўлакларини барпо этиш, электр, ичимлик ва суғориш сув тармоқларини яхшилаш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, ўқув марказлари ва саноат зоналари ташкил этиш режалаштирилган. Шу каби лойиҳалар туманнинг Зарафшон ва Оқтепа маҳаллаларида ҳам амалга оширилади ва айни пайтда ишлар бошланган. Лойиҳанинг асосий мақсади танланган маҳаллалар ва уларга қўшни ҳудудларда аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни камайтириш ва мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорликни ривожлантиришдир.
Туманнинг Оқтепа маҳалласи туманлараро йўл бўйида жойлашган бўлиб, Зарафшон, Қўнғирот, Гулобод, Каптархона, Мингчинор ва Қирқшоди маҳаллалари учун марказ вазифасини ўтамоқда. Бу ҳудудда ўндан ортиқ тадбиркорлик субъекти, деҳқон, буюм ва чорва бозорлари, шунингдек, турли хизмат кўрсатиш нуқталари фаолият юритмоқда. Айниқса, маҳалладаги учта йирик бозорга нафақат Булунғур, балки қўшни Жомбой туманидан ҳам аҳоли келади. Бу эса маҳалла аҳолисига тадбиркорликнинг турли йўналишларини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва сотиш орқали даромад топиш имкониятини оширмоқда.
— Ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш йўналишларини кенгайтириш учун бўш бинолар ва майдонлар етарли, — дейди Оқтепа маҳалласи раиси Музроф Умаров. — Туманимиз ҳокимининг ташаббуси билан маҳалламиз “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” сифатида танланиб, 5 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида савдо ва сервис, IT ва ўқув марказлари, кафе-ресторан ҳамда гўзаллик салонлари фаолияти йўлга қўйилади. Шу билан бирга, мактабгача таълим ташкилоти қурилиши, саломатлик йўлаклари ташкил этилиши, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиши ва ички йўлларга асфальт ётқизилиши режалаштирилган. Энг муҳими, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида ҳудудда тадбиркорлик салоҳияти ошади, юздан зиёд доимий иш ўрни яратилади, туманнинг ўнга яқин маҳалласидаги 28 минг аҳолига замонавий ва қулай хизматлар кўрсатилади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.