Янги йил тилаги

Исомиддин ПЎЛАТОВ - “Жомбой тонги” газетаси муҳаррири:

- Ҳозир қўлингизда газета турибди. Уни варақлаяпсиз, ўқияпсиз. Қайсидир янгиликни олдингиз, қўшнингиз, ҳамкасбингиз билмаган нарсани билдингиз. Демак, сизни табриклаш мумкин. Шу муддатни ҳавога совурилган онлардан бирига айлантирмаганингиз учун.

2018 йил босма нашрлар учун ислоҳ йили бўлди. Аввалдан сўзига эга бўлган газета-журналлар янада дадиллашди, бундайроқлари эса бу тарзда ишлаб бўлмаслигини тушунди. Чунки танлов газетхоннинг ўзига қолдирилди. Айнан мана шу эркин танлов халқимиз учун ҳам, ОАВ ходимлари учун ҳам синов бўлди. Йиллаб мудраган нашрлар уйғониб, халқнинг дардини кўтариб чиқа бошлади, аччиқ-аччиқ ёза бошлади, таҳлиллар, танқидлар кўпайди.

Мажбурловнинг ҳамма тури одамга малол келади. Ҳатто у газета ёки китоб бўлсаям. Шундай экан, Сиз бошқалардан фарқли ўлароқ мутолаага кимнингдир мажбурлови билан эмас, ўзингизнинг ички талабингиз, мажбуриятингиз, деб жазм қилганингиз учун раҳмат.

Ниятимиз, энди муҳаррирлар, журналистлар обуна учун бошини қотирмасин, аксинча ўқишли, кишиларни мулоҳазага чорловчи ўткир мақолалар ёзсин. Янги йилда хонадонингизга газета, журнал кириб борсин. Фарзандларингиз, яқинларингиз маданиятни, маърифатли бўлишни сиздан ўргансин. Сизга ўхшасин!