Янги йил байрами тадбирлари муносабати билан Самарқанддаги айрим кўчаларда 5 январга қадар автотранспорт воситалари ҳаракати тақиқланади
Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабарига кўра, шаҳарда Янги йил арчаси ўрнатилиши ва байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг 20 декабридан 2024 йилнинг 5 январига қадар шаҳар ҳокимининг тегишли фармойишига мувофиқ қуйидаги белгиланган жойларда автотранспорт воситалари ҳаракати тақиқланади:
- Университет хиёбони бошланиши, Амир Темур ҳайкали олдидан вилоят мусиқали драма театригача бўлган кўчада ва Кўксарой майдонида;
- Шоҳруҳ Мирзо ва Мустафо Камол ота Турк кўчалари кесишмасида;
- Беруний кўчасининг Рудакий кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Темирйўл вокзали олдидаги майдонгача бўлган қисмида;
- Сартепа масканидаги Туркистон кўчасининг ТАТУ Самарқанд филиали академик лицейи олдидан ўтган 200 метрлик масофадаги қисмида;
- Кимёгарлар шаҳарчаси Умид кўчасининг Зиёкорлар кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Дарғом кўчасигача бўлган қисмида;
- Кимёгарлар шаҳарчаси Дарғом кўчасининг 1-маданият ва дам олиш маркази олдидан ўтувчи қисмида;
- Хишрав шаҳарчаси Заковат кўчасининг Олмаота кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Мевали кўчасигача бўлган қисмида;
- Фарҳод шаҳарчаси "Зарафшон" истироҳат боғи олдидаги кўчада;
- Қорасув массиви 99-, 116-уйларнинг олдидан ўтувчи кўчада.