Янгиланаётган Ўзбекистон: Тараққиётнинг кейинги 5 йили
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, СамДУ профессори:
- Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 19 октябрда қабул қилган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифасини илгари сурди.
Мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, улуғ мутафаккирнинг мангу ором топган масканини таъмирлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мамлакатимиз раҳбари мазкур лойиҳа билан жорий йилнинг 31 май куни яқиндан танишди ва унинг бажарилиши юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Навоий даҳосига бўлган бу эҳтиром юртимизда маънавиятга, адабиётга ҳамда маърифатга эътибор ҳар қачонгидан кучайгани намунасидир. Давлат раҳбари сифатида бошқа бир мамлакатдаги тарихий меъморий ёдгорликни таъмирлаш, қайта тиклаш ва ободонлаштириш бўйича жон куйдириш, ушбу саъй-ҳаракатларни махсус қарор билан мустаҳкамлаш юксак инсоний фазилатнинг, маърифатга ихлоснинг ифодаси.