Январь ойида банк карталаридаги 5,2 триллион сўм маблағ аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган
Марказий банк 2021 йил январь ойи учун нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳини эълон қилди.
Қайд этилишича, 2021 йил январь ойида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 32,1 триллион сўмни ташкил этгани ҳолда 2020 йил январь ойига нисбатан 7 фоизга ошди.
Жумладан, банклар кассаларига нақд пул тушумлари 17,0 триллион сўмни, чиқим қилинган нақд пуллар 15,1 триллион сўмни ташкил этди.
Жорий йилнинг январь ойида банклар кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2020 йил январь ойига нисбатан 6,7 фоизга ошиши кузатилган бўлса, мазкур ҳолат асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 1,7 триллион сўмга (1,5 баробар) ўсиши ҳисобига юзага келди.
Натижада банклардан берилган нақд пуллар таркибида банк карталаридан ечиб олинган нақд маблағлар улуши 25 фоиздан 35 фоизга етди.
2021 йил январь ойида банк карталарига жами 15,9 триллион сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 5,2 триллион сўмлик (32,8 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.