Японияда парранда гриппи туфайли 845 мингга яқин товуқ йўқ қилинади
Япониянинг Сикоку оролидаги Кагава префектурасида юқори патогенли парранда гриппининг иккита янги ўчоғи аниқланганлиги сабабли, ҳукумат 845 минг товуқни йўқ қилишга қарор қилди. Бу ҳақда 20 ноябрь куни Kyodo агентлиги маълум қилди.
Пайшанба куни ўтказилган тестларда иккита товуқ фермасида нобуд бўлган товуқлар парранда гриппи билан касаллангани тасдиқланди. Ҳаммаси бўлиб фермер хўжаликларидан 845 минг парранда йўқ қилинади.
Биринчи ҳолат ноябрнинг бошида Митоё шаҳридаги товуқ фермасида аниқланган. Ўшанда фермерлар 330 мингдан ортиқ товуқни йўқ қилишга мажбур бўлишди. Шаҳарда карантин чоралари қўлланилди. Митоёдан 10 километр масофада жойлашган паррандачилик фабрикалари маҳсулотларини сотиш тақиқланди. Кўрилган чораларга қарамай, касаллик тарқалишда давом этмоқда. Ҳозирга қадар Митоёда олтита, Хигасикагава шаҳрида битта фермер хўжалигида парранда гриппи касаллиги қайд этилган.
11 ноябрдан бошлаб Россия Япониядан парранда гўшти олишни тақиқлади. Шунингдек, тирик парранда, гўшт, тухумга тақиқ чоралари қўлланилди. Россия Федерациясига парранда учун озуқа ва озуқа қўшимчаларини олиб кириш ҳам чекланган.
Дания ҳукумати ҳам паррандачилик фермасида H5N8 парранда гриппи тарқалиши муносабати билан 17 ноябрь куни 25 минг товуқни йўқ қилишга қарор қилган эди.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.