Японияликлар ўзбек миллий таомлари ҳақида китоб тайёрлайди

Япониялик Мории Кана ва маҳоратли сураткаш Хироко Хирота Ўзбекистонга келди. Улар ўзбек миллий таомлари тўғрисида китоб чоп этишни режалаштиришган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Меҳмонлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тайёрланадиган бир-биридан мазали таомлари билан таништирилди. Ташриф давомида япониялик меҳмонлар юртимизнинг Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларида бўлиб, Ўзбекистоннинг гастрономик туризм салоҳияти билан танишди.

Мории Кана ўзбек таомлари ҳақида шундай дейди: “Ўзбекистонда тайёрланадиган таомлар ва ширинликлар турфа хил ва мазалидир. Ўзбек таомларида халқингизнинг меҳмондўст эканлиги яққол акс этади. Шунингдек, ўзбек таомларида ишлатиладиган ҳар бир маҳсулот инсон саломатлигини яхшилашга қаратилганлиги билан эътиборга молик. Миллий таомларингиз нафақат ўзбек халқининг ошхонаси, балки Ўзбекистоннинг юксак маданияти, урф-одати ва қадимий тарихини ҳам ифодалайди”.

Мории Кананинг айтишича, китоб муаллифи япон халқини Ўзбекистон билан янада яқиндан таништиришни ўз олдига мақсад қилган.

Мазкур китобнинг тақдимоти, шунингдек, сураткаш Хироко Хиротанинг Ўзбекистонга бағишланган фотогалереяси келгуси йилнинг апрель ойида ўтказилади.