Ярим ертўлада яшаш мумкинми?
Қурилиш вазирлиги томонидан шаҳарсозлик меъёрларига ўзгартишлар киритилиб, янги кўп қаватли уйларнинг ярим ертўлаларига яшаш хонадонларини ҳам жойлаштиришга рухсат берилди. Бироқ...
Бироқ бунинг учун участкадаги ер ости сувлари даражаси, иссиқлик ҳимояси, ёритилиш даражаси, эвакуация билан боғлиқ талаблар мавжуд. Кўп қаватли тураржойларнинг ертўла қисмини фойдали майдонга айлантириш юзасидан амалда бўлган шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ҳужжатларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди.
Шунингдек, бош лойиҳа институтлари томонидан 5,7,9,12 ва 16 қаватли тураржой биноларининг ярим ертўла қисмида яшаш хонадонларини жойлаштириш бўйича намунавий лойиҳалар ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, барча турдаги уй-жойлар лойиҳаларида замонавий энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш назарда тутилган. Бироқ яшаш хоналарини ертўла қаватларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
- Янги қурилаётган тураржой биноларининг ярим ертўла (цокол) қаватларида яшаш хоналарини жойлаштиришга учун айрим шартлар бор, - дейди вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Нарзиқулов. - Бунинг учун ярим ертўла қаватининг камида 1/3 қисми ер сатҳидан юқорида лойиҳалаштирилиб, ер ости сувлари ер сатҳидан 3 метр ва ундан пастда бўлганда, хоналарнинг баландлиги 2,4 метрдан кам бўлмаганда жойлаштириш мумкин. Шунингдек, хоналарнинг ташқи деворлари ва полларида иссиқлик ҳимояси таъминланишига эътибор қаратилади.
Ярим ертўлаларда жойлашган яшаш хоналаридан тўғридан-тўғри ташқарига чиқувчи деразалар бўлиши керак. Ёруғлик тушиши ва ҳаво яхши айланиши лозим. Ошхонада таом тайёрлаш учун электр плиталардан фойдаланилганда табиий ва суюлтирилган газ, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларда ва бошқа материалларда ишловчи қурилмалар бўлмаслиги керак.
2021 йил октябрь ойида кўп қаватли уйларнинг ертўлаларини бизнес учун ажратиш қоидалари тасдиқланган эди. Ертўлалардан дўкон, киоска, сартарошхона, кафе ва бошқа мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин. Бироқ улар фақат кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг розилиги билан ажратилади.
Дилмурод Тўхтаев.