Яйловлар қўй-қўзига тўлади
Нуробод – вилоятимизнинг жанубий қисмида жойлашган энг йирик чорвачилик туманларидан бири. Кенг дала ва қирлардан иборат табиий қулай шароит туфайли маҳаллий аҳоли чорвачиликни азалдан асосий касб қилиб келишган.
Қоракўлчилик нуфузи тикланади
– Бу борада Президентимизнинг соҳа ривожи учун иккита муҳим қарори қабул қилинди, – дейди тумандаги "Нурли эл чорвадори" масъулияти чекланган жамияти раиси Тўлқин Раҳимов. – Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги "Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан қоракўлчилик тармоғининг юксалишига, хусусан, соҳада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мулкка бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур қарорга кўра наслчилик йўналишидаги қоракўлчилик ширкат хўжаликлари масъулияти чекланган жамиятларга, қоракўлчилик товар хўжаликлари эса фермер хўжаликларига айлантирилди.
Чорвачиликда долзарб ва ҳануз ечимини кутаётган масалалар ҳам босқичма-босқич молиялаштирилиб, чўл ҳудудларида чорвани суғориш учун шахтали ҳудудлар ва артезианларни мукаммал таъмирлаш ҳамда янги қудуқлар орқали сув чиқарилиши чорвадорнинг мушкулини енгиллатишга хизмат қилади.
Бугун ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди. Ҳозирда жамиятимизда 21 минг бошдан ортиқ майда шохли қорамол боқилаётган бўлса, шунинг 14 минг бошини совлиқлар ташкил этади. Мазкур тўл мавсумида 13,5 минг бош қўзи олиш ва унинг 10 минг бошини ўстиришга қолдириш, қишлоқда қўшимча янги иш ўринлари очишни режалаштирганмиз. Қўзилатиш мавсумини намунали ўтказиш мақсадида барча чорвадорларимиз ва мутахассисларимизга тегишли кўрсатмалар берилган.
Жамиятимиздаги мавжуд қўй-эчкилардан икки қирқимда ўртача 33 тонна жун ва 3,5 мингта тери олинади. Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга берилаётган эътибор туфайли ўзимизда тайёрланган жун ва тери хомашёсини хорижга тайёр маҳсулот сифатида чиқариш чораларини кўряпмиз. Мутахассислар билан истиқболли лойиҳалар устида ишлаяпмиз.