“Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танлови ғолиблари «Соғлиқни сақлаш аълочиси» бўлди

Пойтахтимизда 12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан «Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими» танлови бўлиб ўтди.

Муҳими, бу йилги танлов коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ноанъанавий тарзда бўлиб ўтди. Яъни, танловнинг республика босқичида барча вилоятлар, республика тиббиёт ходимлари, жамоатчилик вакиллари студияларда онлайн тарзда иштирок этди.

- Бу йил халқаро ҳамширалар куни арафасида «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги Президент фармони имзолангани қўшалоқ байрам бўлди, - дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ўрта тиббиёт ходимларини касб байрами билан қутлар экан. – Унга кўра, шу йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади. Шу йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади. Шу ва шу каби кўплаб янгиликлар мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 320 мингдан зиёд соҳа ходимлари учун эътибор ва эътироф демакдир.

Жорий йил мазкур танловнинг нафақат биринчи, балки иккинчи ва учинчи ўрин олган ғолибларга ҳам «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони берилиши кўзда тутилган. 13 номинация бўйича тақдирланган ўрта тиббиёт ходимлари танловнинг муассаса, шаҳар, туман, вилоят босқичларида қатнашган 3 мингга яқин иштирокчилар орасидан танлаб олинган. Улар орасида уч нафар самарқандлик ўрта тиббиёт ходимлари ҳам бор.

- Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир куни қабулга юзлари кўкариб кетган, оғир аҳволдаги болани олиб келишди, - дейди «Йилнинг энг яхши муолажа ҳамшираси» номинациясида 3-ўрин соҳибаси, Жомбой туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳамшираси Орзигул Ташанова. –  Врач қабулига боргунча аҳволи ўзгариб бораётган эди. Унга дарҳол ўша ернинг ўзида биринчи ёрдамни кўрсатишга тўғри келди, болакай тугма ютиб борган экан. Бартараф этганимиздан сўнг шу ернинг ўзида унга жавоб берилди. Айтмоқчиманки, кези келганда ҳамшира энг биринчи ёрдамни кўрсатишга ҳам тайёр туриши керак. 20 йиллик фаолиятим давомида бундай ҳодисаларга кўп дуч келганман.

Шунингдек, вилоятимиздан Пахтачи туман тез тиббий ёрдам бўлими фельдшери Шермўмин Ҳасанов, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази эпидемиолог-врач ёрдамчиси Азиза Шарипова ҳам турли номинацияларда фахрли ўринни эгаллади. Уларга танлов стауэткаси, диплом, қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, анжуман давомида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан бир гуруҳ фаол ўрта тиббиёт ходимлари тақдирланди.

Гулруҳ Мўминова.