Йўллар ҳаракат қатнашчилари учун хавфсизми?
Вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисалари, шу жумладан, оғир оқибатли, ўлим билан боғлиқ ҳамда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 2019-2020-2021 йиллар ҳамда 2022 йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоят ва ҳар бир шаҳар, туманда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари чуқур таҳлил қилинди.
Таҳлиллар асосида авария ўчоқлари аниқланиб, ушбу ҳудудларда профилактик тарғибот ишлари кучайтирилиб, ЙПХ нарядлари зичлиги оширилмоқда. Шу билан бирга, инфратузилмани яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, ўтган 6 ойда вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларида 1084 та етишмайдиган йўл белгилари, 287 та йўналтирувчи устунчалар, 1420 п.метр 1-тоифали муҳофазаловчи тўсиқлар ва 19 та жойда светофор ўрнатилди, 1212 та эскирган йўл белгилари алмаштирилди.
Бундан ташқари, 720 минг 20 квадрат метр йўл ётиқ чизиқлари чизилиб, 19 та жойда янги пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилди, мактаблар олдида 61 та сунъий нотекисликлар яратилди, 377 та пиёдалар ўтиш жойида ётиқ чизиқлар янгиланди.
Амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида йўл хўжалиги ташкилотларига 25 та ҳамда шаҳар-туман ҳокимликларига 17 та тақдимнома киритилди. Йўлларни сақлаш қоидаларини бузган ҳамда тегишли вазифаларни амалга оширмагани учун 44 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Ходимлар томонидан ўтган 6 ой мобайнида 147121 та қоидабузарликлар аниқланди.
Вилоят бўйича 372 та йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,5 фоизга (374-372), ўлим билан боғлиқ ЙТҲлари 13,5 фоизга (111-96) ҳамда ушбу ҳодисалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 12,1 фоизга (141-124), тан жароҳати олганлар сони 10,5 фоизга (408-365) камайишига эришилди.
2022 йил июнь ойида вилоятимиз ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳар бири тўлиқ ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинди. Ушбу июнь ойида қайд этилган 72 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 30 киши ҳалок бўлган, 87 киши тан жароҳати олган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 25 таси 30 ёшгача, 34 таси 31-40 ёшгача бўлган ҳайдовчилар томонидан содир этилган.
Айни кунларда Самарқанд шаҳрида йўловчи ва ҳайдовчилар учун энг катта муаммолардан бири тирбандликлар эканлигини яхши биламиз. Уларнинг олдини олиш, транспорт воситалари ва пиёдаларнинг эркин ҳамда хавфсиз ҳаракатланишларини таъминлаш мақсадида жорий йил якунига қадар 54 та светофор объектини рақамли бошқарув тизимига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Қолган 96 та светофор 2023 йилда рақамли бошқарув тизимига ўтказилади.
Умуман, 2023 йил якунига қадар шаҳар ва туманлардаги аҳоли гавжум 38 та пиёдалар ўтиш жойларида бошқариладиган (тугмали) светофорларни ўрнатишнинг манзилли дастури ишлаб чиқилган. Дастурга мувофиқ, жорий йил давомида 18 та жойда пиёдалар бошқарадиган светофорлар ўрнатилади.
Аслида йўл инфратузилмаси хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши зарур. Яъни, барча аҳоли яшайдиган жойлардан ўтувчи йўллар тунги ёриткичлар билан жиҳозланиши, уларда пиёдалар ва велойўлаклар қуриш, халқаро ва давлат аҳамиятига молик йўллардаги пиёдалар ер ости ёки ер усти ўтиш жойларини қуриш, шунингдек, транспорт воситалари қайрилиб олиш жойларини йўл ўтказгичлар орқали ташкил этиш лозим.
Бу борада вилоятимизда ҳам аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Мисол учун, М-39 автомобиль йўлининг Булунғур тумани марказидан, Жомбой туманидан, М-37 автомобиль йўлининг Самарқанд ва Нарпай туманидан ўтувчи қисмида пиёдаларнинг ер усти ўтиш жойларини қуриш лозим. Бундан ташқари, М-39 автомобиль йўлининг Булунғур тумани марказидан, Жомбой туманидан, М-37 автомобиль йўлининг Оқдарё туманидан, Нарпай туманидан ўтувчи қисмида транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойларини ер ости ёки ер усти орқали (йўл ўтказгич) ҳаракатни ташкил этиш керак.
Бу ишларни амалга ошириш Бош вазир томонидан 2022 йил 31 март куни тасдиқланган “Йўл харита”да кўрсатилган бўлса-да, вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан тегишли амалий чора-тадбирлар белгиланмаган.
Амалдаги ҳужжатларга кўра, вилоят ҳокимлиги махсус эксплуатация-монтаж корхонаси тасарруфидаги бино-иншоотлар ва моддий-техника воситалари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Оқдарё туманида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ҳузуридаги махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалари ташкил этилмоқда.
Ш.БОЙХЎРОЗОВ,
вилоят ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи.