Ёнимиздаги сохта меҳрибонлар

«Одамларда оқибат қолмади», «Фалончи бунақа экан», «Уйни, машинани ўзининг пулига олмагани аниқ»,  «Сен ҳақингда шу­нақа деди»…

Орамизда ўзгаларни ёмонлаб, ўзининг «қимматли» маслаҳати билан жар ёқасига етаклайдиган одамлар кам эмас.

Бу ҳақда ёзишимга яқинда ўзим гувоҳи бўлган воқеа сабаб бўлди.

- Ука, ён қўшним билан узоқ йилдан буён битта жойда турамиз, - деб гап бошлади бир киши ишхонамга келиб. - Ўзи бор-йўғи такси ҳайдайди. Лекин яқинда данғиллама тўй қилди, янги машина, уй сотиб олди. Рости, қўшним бунча нарсага бирданига эришганига ишонмаяпман. Менимча, у қандайдир ишга аралашган ёки бойроқ одамнинг қимматроқ нарсасини ўмарган. Бўлмаса, таксичилик қилиб бирданига бойиб кетиш қийин. Шуни бир ижтимоий тармоққа чиқарсак, тегишли ташкилотлар ўрганармиди дейман-да. Фақат бу ҳақда мен шикоят қилганимни ҳеч ким билмасин. Маҳаллада гап-сўз кўпаяди.

- Ака, қўшнингиз билан ке­лишмай қолганмисиз?

- Йўқ.

 - Сизга оғирлиги тушяптими ёки зиёни тегяптими?

- Йўқ.

- Гумон қиляпсиз, бирор ножўя ишидан аниқ хабар топдингизми?

- Йўқ.

- Унда нега қўшнингиздан шикоят қиляпсиз?

- Ҳар эҳтимолга қарши текшириш керак деяпман, ука.

Мурожаатчининг гап-сўзи, хатти-ҳаракатидан мақсадини тушундим...

– Биз мурожаатни мурожаатчи­нинг исм-фамилияси билан чиқара­миз, - дедим. - Бордию, бирор ташкилот ёки шахс ҳақида ёлғон маълумот берсангиз ёки туҳмат қилсангиз, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиласиз. Жиноят, ҳуқуқбузарлик ёки қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари­га мурожаат қилишингиз мумкин.

Мурожаатчи индамай хонамдан чиқиб кетди.

Гўёки одамлар салбий томонга ўзгариб кетяпти-ю, бу тоифадагиларнинг ўзи яхшилигича қолган. Фақат улар билағон, тўғри йўлда юради, бошқалар эса «эгри», ҳали унинг «даражаси»га етмаган. Бундай кишиларни жамиятда, жумладан, ҳар қандай жамоада, дўстлар, ҳамкасблар ва ҳатто яқинлар орасида ҳам учратиш мумкин. Уларни "Ёнимиздаги сохта меҳрибонлар", деб қўя қолдим.

Орамизда яна бир тоифа одамлар борки, мансаб ёки амал тегдими, дарров бурни осмонда бўлади. "Албатта, бу табиий ҳол, амал инсонни ўзгартиради", дейишингиз мумкин. Бироқ бу одамларнинг устидан кулиш, бошқаларни менсимаслик ёки улардан зўр эканлигини кўрсатиш керак, дегани эмас. Бу шуҳратпарастлик ҳам дейилади. Ҳар бир инсоннинг ўз йўли, қарашлари, характери бўлади. Динимизда мусулмон одам бошқа бир мусулмондан ўзини устун қўйиб, менсимаслиги, масхара қилиши, уни айириши, айниқса, камчилигини юзига солиши қаттиқ қораланган.

Бир тўйда узоқ йиллик та­нишимни учратиб қолдим. Юқорироқ ташкилотда иш бошлабдию, одамгарчилик­ни унутибди. Бошқаларни оёқ учида кўрсатяпти, суҳбатдошлари устидан кулиб, нуқул камситгани-камситган. Ҳа, яна ўзига ўхшаган бир-иккита кеккайган ошнасини ёнига олиб, ғийбат қилишини, ён-атрофдагиларга ўзини «ақлли» кўрсатишини, қилган ишлари билан мақтанишини айтмаса ҳам бўлади. Ўзига бино қўйган ўша «ақлли»нинг хатти-ҳаракати, ўзини тутиши тўйда мен қатори кўпчилик­нинг кайфиятини бузди.  «Ким бўлса ҳам, қаерда ишласа ҳам, аввало, ҳурматини билсин, бошқаларни ҳам ҳурмат қилишни ўргансин. Зўр бўлса, ўзига…», дея  қизишиб, жағига мушт туширмоқчи бўлганлар ҳам топилди. Аммо бунақаларга тенг бўлишнинг ўзи аҳмоқлик.

Инсоннинг мол-дунё, обрў ва мансабга эга бўлгани яхши, албатта. Аммо шунга яраша тарбияси ва хулқи ҳам гўзал бўлиши керак. Бу хусусда алгебра фанининг асосчиси, буюк бобомиз Ал-Хоразмийнинг ажойиб тенгламаси бор. Агар инсон яхши хулқ соҳиби бўлса, у 1 га тенг. Агар инсон ҳусн соҳиби бўлса, бирнинг ёнига нолни қўш = 10 бўлади. Агар инсон бой бўлса, яна бир нолни қўш = 100 бўлади. Агар насл-насабли бўлса, яна бир нолни қўш = 1000 бўлади. Агар 1 рақами, яъни хулқи йўқ бўлса, инсоннинг қиймати йўққа чиқиб, нолларнинг ўзи қолади = 000.

Хулоса шуки, «1»имизни йўқотиб қўймайлик, йўқса, ҳамма қилганларимиз «0» га тенг бўлиб, жамиятдаги ўрнимиз ҳам йўқолади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.