“Yosh kitobxon”даги саволлар иштирокчиларни қониқтирадими?

* Усмон Азим
* Шавкат Раҳмон
* Рауф Парфи”
Бу савол-жавобни шу йилнинг 12-14 июль кунлари жойларда бўлиб ўтган “Yosh kitobxon” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичларида 20-30 ёшлилар учун тузилган тест саволларининг бирида ўқийсиз.
Очиғи, кейинги пайтларда мазкур танловда тузилган саволлар бўйича кўп ёшларни норозилик кайфиятида учратдик. Айнан мана шу ҳолат бизни танлов саволлари билан чуқурроқ танишиб, мулоҳаза қилишга ундади.
Назаримда, танловга киритилган айрим саволлар одамнинг ғашини келтиради. Айтинг-чи, мазкур саволда айнан бир шахсни кўрсатувчи, унга урғу берувчи ва албатта, фақатгина якка ижодкорга тегишли бўлган сўзлар борми? Менимча йўқ. Масалан, шу саволнинг жавобига номлари келтирилган ижодкорларнинг исми ўрнига мутлақо бошқа исм-фамилияни бемалол қўйиш мумкин. Чунки бу гапларни кундалик турмушимизда ҳар биримиз, ҳар куни ишлатишимиз ва эшитишимиз табиий.
Жумладан,
* каттақўрғонлик Сувонқул
* нурободлик Мамарайим
* булунғурлик Тошпўлат лофчи
* пайариқлик Ҳотам топқир
Кўрсатилган саволга жавоб сифатида айнан шу вариантларни ҳам қўйса бўлади. Негаки, саволнинг жавобини аниқ бир асос билан топиши мумкин бўлган иштирокчи кам бўлса керак. Шундай экан, унинг жавобини белгилашда қатнашчилар шунчаки, таваккалига, ўзларига танишроқ бўлган ижодкорни танлашади, холос...
Очиғи, мазкур танловнинг биринчи бор ўтказилган мамлакат босқичидаги 15-19 ва 20-30 ёшлилар ўртасидаги маънавий курашни кўриб, кузатиб, шубҳасиз, сиз мендан кўпроқ ачингансиз. Сабаби, айнан ўша жараён бизга адабиётга муносабатнинг қандайлиги ва уни ўқиётган ёшларнинг билими қай даражада эканини яққол кўрсатиб берди. Ваҳоланки, кўп йиллик тарихга эга миллий адабиётимиз ва мантиқан боғланган жаҳон адабиётига бўлган қизиқиш кутилгандек бўлиб чиқмади.
20-30 ёшдагиларга берилаётган бошқа бир саволга ҳам тўхталсак.
“Муҳаббатнинг ягона шарти тенгликдир. Шу туйғу йўқ жойда ҳар қандай эзгу ният ғорат топур, ишқ оламига бировнинг қуллиги-ю, иккинчи бировнинг истибдоди бошланур.” Ушбу парча қайси асардан олинган?
* “Қора китоб”
* “Дашту далаларда”
* “Пакананинг ошиқ кўнгли”
* “Кўнгил озодадир”
Менимча, савол тузишда бироз юзаки қаралганга ўхшайди. Китобхон сифатида айтинг-чи, бугун ўқиган асарингизнинг матнидан эртага неча фоизини айтиб бера оласиз?
Айниқса, муҳаббат мавзусида ёзилган бўлса.
Бундай мавзудаги роман, қисса ва ҳикояларга эса адабиётимиз анча бой. Тўғриси, ушбу жумлаларда ҳам айнан ўзига хослик, яккаликни топиш маҳол. Демак, бу саволнинг ҳам жавоби иштирокчиларнинг тахминий танловлари қаторига кириши шубҳасиз.
Навбатдаги кўрик-танловда 10-14 ёшдагиларнинг ҳам иштирок этаётгани яхши бўлди, албатта. Бу орқали кичик ёшдагиларни ҳам китобга жалб қилиш, китобни севишга ўргатиш мумкин. Бироқ уларга берилаётган саволларда ҳам юқоридаги каби ҳолатларга кўзингиз тушади.
Масалан, “Барча катта ёшдагилар қачонлардир бола бўлганлар, фақат бу ҳақида ҳаммалари ҳам эслолмайдилар. Ушбу парча қайси асарда келтирилган?
* “Оқ кема”
* “Дунёнинг ишлари”
* “Кичкина шаҳзода”
* “Равшан”
Эслаб кўринг-чи, бу гапларни қай биримиз ёши катталардан, бобо-бувиларимиздан эшитмаганмиз? Бу жумлаларда қандай алоҳидалик борки, ўқиган китобхон уларни эслаб қолиши мумкин бўлса. Бундай сўзларни бозордаги сотувчидан ҳам, аравакашдан ҳам эшитиш мумкин эмасми?
Очиғи, саволлар билан танишиб, танловда иштирок этмоқчи бўлган киши энди бадиий китоб ўқиганда ғояси ва мазмун-моҳиятига эмас, ундаги ҳар битта сўз ҳамда қаҳрамонларнинг исмини ёдлаб қолиши кераклиги ҳақида ўйлаб қолдим. Шу ўринда яна бир саволга эътибор қаратсак.
“Китоб нима учун севиб ўқилади?”
Шу саволни ҳеч ўзингизга бериб кўрганмисиз? Ўйлаб кўринг-чи, 10-14 ёшдаги бола бу саволга қандай жавоб бериши мумкин. Ушбу саволга қуйидагича жавоб вариантларини ўқийсиз:
* “модерн йўналишидаги асарлар экани билан
* инсонийликни тарғиб қилувчи ягона қаҳрамон яратилиши билан
* ижтимоий-инсоний иллатлар ифодаси билан
* китобхон дилидаги гаплар самимий, холис ва ишонарли тасвирлангани учун.”
Бу жавобларнинг қай бирини ўқувчи сифатида нотўғри ёки тўғри, дея айта оласиз?
Ҳурматли ҳакамлар ҳайъати қайси жавобга юқори, қайси жавобга паст баҳо қўяди? Бунда улар қайси мезонга таянади? Ахир, китоб берадиган имконият, унинг вазифаси жуда кенг. Шу боис китоб “бу учун” ёки “мана бу учун” севиб ўқилади, деган қарашдан воз кечиш керак эмасми?
“Yosh kitobxon” кўрик-танловининг 15-19 ёшдаги иштирокчиларига берилаётган тест саволларида ҳам худди шундай ҳолатлар талайгина.
Масалан, “... Етти отасини боши одатий ҳол, етти аждодини билиш муқаддас бурч”лигини ким айтган?
* Ч.Айтматов
* М.Осим
* М. Беҳбудий
* А.Қодирий”
Бу саволни алоҳида мулоҳаза қилишга ҳожат йўқ. Чунки бу ҳам юқорида келган саволларнинг худди такрори. Шунингдек, яна бир саволга тўхталсак. Унинг жавоби танлов иштирокчисини иккилантириб қўйиши ва норозилик кайфиятига олиб келиши шубҳасиз.
“Китоб орқали орттирилган бебаҳо бойлик нима?”
Вариантларни келтиришдан олдин ўзимизга бир савол бериб кўрсак. Сиз бу саволга нима деб жавоб берган бўлардингиз? Аниқ, чегараланган бир гапни айта оласизми?
Жавоб вариантлари шундай:
* “В ва С
* руҳий озуқа
* маънавият ва маърифат
* ақл ва идрок
Қанчалар мантиқдан узоқ жавоб.
Хуллас, аниқ мақсад ва узоқни ўйлаб амалга оширилаётган “Yosh kitobxon” кўрик-танловига ёшларни янада жалб қилиш, маънавиятини юксалтириш учун тузиладиган тест саволларини пухта тайёрлаш лозим.
Тайёрланган тест саволлари мутахассис кўригидан ўтиши, муҳокама қилиниб, сўнгра фойдаланилиши керак. Бунинг учун олий ўқув юртларидан олимлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш яхши натижа беради. Кўрик-танловнинг шаҳар, туман босқичида берилаётган бу каби саволлар навбатдаги босқичларда янгиланса, айни муддао бўлади. Шундагина кўзланган мақсад ва режаларга эришишимизга янада имкон кенгаяди.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ.