"Ёшлар дафтари"га киритилганлар учун IELTS га тайёрлов курслари бепул
Бугунги кунда ёшларнинг аксарият қисми чет тилини ўрганишга, асосан, IELTS тизими бўйича имтиҳонда қатнашиб, юқори балл олишга қизиқади. Аммо мактабда олган билим билан бу йўналишда яхши натижага эришиб бўлмаётгани бор гап. Бунинг учун қўшимча тўгаракларга қатнаши талаб этилади. Айрим йигит-қизларнинг хизматлари пуллик бўлгани учун ўқув марказларида ёки репетитордан таълим олишга иқтисодий имконияти йўқ. Айниқса, оилавий шароити оғир “Ёшлар дафтари”да турадиганларнинг.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан шу каби муаммоларга ечим изланяпти. Яқинда бошқарма Самарқанд шаҳрида яшовчи, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган бир гуруҳ йигит-қизларнинг орзуларини амалга ошириш мақсадида "Polyglot School" чет тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган ўқув маркази билан ҳамкорлик шартномасини имзолади. Унга кўра, “дафтар”га киритилганлар орасидан тил ўрганишга қизиқиши кучли бўлган ёшлар бошқарма йўлланмаси асосида ушбу марказда бепул таълим олиш имконияти яратилди.
Шунингдек, IELTS синовида 7 ва ундан юқори балл тўплаган барча ёшларнинг имтиҳон топширишда сарфланган харажатлари Ёшлар ишлари агентлиги маблағи ҳисобидан қоплаб бериляпти. Шу пайтга қадар юқори натижа кўрсатган 89 нафар самарқандлик ёшнинг имтиҳон харажатлари агентлик томонидан қоплаб берилди.
- Шунингдек, бошқармамиз билан “IT PARK” вилоят филиали ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. - Бу “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг ахборот технологияларига қизиқишини, касбий маҳоратини ошириб боришга хизмат қилади.
Вилоят бўйича 71 минг 717 нафар йигит-қиз “ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, бугунги кунгача 69 минг 745 нафари чиқарилган. Ҳозирда 1 минг 972 нафар ёш руйхатда турибди.
Меҳрож Исаев.