Ёшлар ойлиги: Ҳокимлар ёшларга мурожаат қилди

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда 30 июнь – “Ёшлар куни” олдидан “Ёшлар ойлиги” доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Самарқанднинг барча шаҳар ва туманларида “Ҳокимнинг ёшларга мурожаати” лойиҳаси тақдим этиляпти.

Булунғур туманида туман ҳокими Баҳодир Баҳромов иштирокида ташкил этилган тадбирда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилган имкониятлар ва бундан унумли фойдаланаётган йигит-қизларнинг фан, таълим, спорт, маданият соҳаларидаги ютуқлари тўғрисида маълумот берилди.

Туманда жорий йилнинг ўтган даврида банд бўлмаган 735 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилган. Тадбиркорликка қизиқадиган 490 нафар ёшга эса 10 миллиард 481 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган. “1+1” лойиҳаси доирасида 93 нафар йигит-қиз тадбиркорларга бириктирилган. “Ёшлар дафтари”га киритилган 586 нафар йигит-қизга “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 870 миллион 150 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган.

Ҳоким ютуқлар билан бирга муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмаслигини таъкидлади. Хусусан, мактабларда таълим сифатини яхшилашга, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шунинг учун турли танлов ва фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритадиган фаол ўқувчиларга “Ҳоким стипендияси” ҳамда уларга кўмаклашган ўқитувчиларга ҳар ойда 50 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

Каттақўрғон шаҳри, Ургут ва Нуробод туманларида ҳам ҳокимлар ёшларга мурожаат қилди. Улар “Эътибордагилар” лойиҳасида ҳам иштирок этиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ёшлар ҳолидан хабар олди.

Тўлқин Сиддиқов.