Ёшлар учун ҳуқуқ мактаби: Самарқанд академик лицейи имкониятлари кенгаймоқда

Ҳуқуқшунослик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш, ёшларда ушбу касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини шакллантириш, уларни ҳуқуқий билим олишга қизиқтириш бўйича мамклакатимизда бир қатор изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Самарқанд ҳамда Наманган вилояти юридик техникумлари негизида Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Самарқанд ҳамда Наманган вилоят академик лицейлари ташкил этилди.

Академик лицей Давлат таълим стандартларига мос равишда тўққиз йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга ошириладиган ва таълим олувчиларнинг интеллектуал қобилиятларининг жадал ривожланишини таъминлайдиган, шунингдек чуқурлаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитиш амалга ошириладиган, касб-ҳунарга ва шахсга йўналтирилган таълим олишини таъминлайдиган давлат ўрта махсус таълим муассасаси ҳисобланади.

Ҳозирда Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) ҳузуридаги Самарқанд вилоят академик лицейида жами 358 нафар ўқувчи таҳсил олиб, уларга 30 га яқин профессор-ўқитувчи таълим бериб келмоқда.

Академик лицейда “Давлат ва ҳуқуқ асослари” ҳамда инглиз тили фанлари чуқурлаштириб ўқитилади.

Дарс жараёнлари интерактив усулларда, янги педагогик технологиялар асосида зарур техник воситаларни қўллаган ҳолда олиб борилмоқда.

Шунингдек, академик лицей ўқувчиларига бевосита Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари томонидан онлайн дарс-машғулотлари, ҳамкор ташкилотлар, хусусан, адлия бошқармаси, суд, адвокатура, нотариус, мажбурий ижро бюроси томонидан “Маҳорат дарслари” олиб борилмоқда. Бу эса ўқувчиларга ўз соҳасига қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Лицейда ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида спорт тўгараклари билан бир қаторда “Сунъий интеллект”, “Fashion and style”, “Юридик клиника”, “Музокара санъати”, “Нотиқлик ва нутқ маҳорати”, “Social media market”, “Мантиқий фикрлаш” каби тўгарак ва лойиҳалар ташкил этилган бўлиб, унда ўқувчилар интеллектуал кўникмаларини ҳам ошириб бормоқда.

2025/2026 ўқув йилида Самарқанд вилоят юридик академик лицейида ўқувчилар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, бугунги кунга қадар академик лицейда жами 8 та тўгарак ва клублар фаолияти йўлга қўйилган бўлса, жорий ўқув йилидан бошлаб академик лицей талабалар ассоцацияси ҳузурида “Инклюзив волонтёрлари” гуруҳи, “Media club” ҳамда “Ёшлар коррупция қарши” клублари ҳам ўз фаолиятини бошлади.

Шунингдек, академик лицейда футбол, волейбол, шахмат, шашка ҳамда стол тенниси спорт клублари фаолияти йўлга қўйилиб унда ўқувчиларнинг фаол иштироки та‘минланмоқда.

Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, давлат ва жамиятга етук, ёш ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, ёшларни она Ватанга садоқат, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда уларга ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этишга имкониятлар яратиш мақсадида ҳар йили Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей ўқувчилари ўртасида “Lex Pride” – (Академик лицей фахри) республика кўрик-танлови ўтказилиб келинмоқда. Хусусан, жорий ўқув йилида ўтказилган танловнинг республика босқичида академик лицей ўқувчиси Сабрина Олимова фахрли III ўринни эгаллади.

Ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш ҳамда уларнинг илмий изланишларга оид билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида бир қатор семинар, илмий конференция ҳамда лойиҳаларга жалб қилинмоқда.

Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Ҳуқуқ мактаби” ўқув курсларида академик лицейнинг 100 нафардан ортиқ ўқувчиси иштирок этиб, 150 га яқин сертификатларни қўлга киритди.

2025 йил сентябрь ойида Самарқанд вилоят академик лицейи 2-босқич, 207-гуруҳ ўқувчиси Шаҳзода Азаматова Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миқёсида ташкил этилган “Юксак эҳтиром” халқаро илмий-амалий кўрик танловда иштирок этиб, эсталик кўкрак нишони билан тақдирланди.

 

Ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш мақсадида вилоят адлия бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси, вилоят суди, Адвокатлар палатаси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда бир қатор учрашувлар ташкил этилмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ҳамда уларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларда қонунларга ҳурмат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳамда ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилади.

 Ж.Отақулов,

 ТДЮУ ҳузуридаги Самарқанд вилоят академик лицей директорининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари.

Хуршидбек Ашуров,

лицей ўқувчиси.

#Реклама