Ёшлардан ёзғиришга ҳақлимизми?

Инсон дунёга келганда аввало, унинг кимга ўхшашлиги ҳақида баҳс юритамиз. Аввалига бу баҳслар фақатгина ташқи қиёфа атрофида бўлади, аммо бола улғайгани сари унинг феъл-атворидаги жиҳатларни кимдан “ўзлаштиргани” ҳам маълум бўла бошлайди. Ирсиятдан ўтган феъл-атвор билан бир қаторда атрофдан ўзлаштирилган жиҳатлар билан бола катта бўла бошлайди. Айнан шу – атроф-муҳитдан ўзлаштирилаётган жиҳатларни биз тарбия деб атаймиз.

Аслида, тарбия болага панд-насиҳат қилишдангина иборат эмас. Кўпинча бу ҳам ота-онанинг акси сифатида намоён бўлади. Дейлик, сиз уйда бажараётган ишлар, бўш вақтни қай тариқа ўтказишингиз, оила аъзоларингиз билан қайси мавзуларда суҳбат қуришингиз, атрофдагиларга муносабатингиз истасак-истамасак бола онгу тафаккурида аксланиб бораверади.

Тўғриси, ёши катталарнинг ёшлардан ёзғириши ҳамиша ҳам тўғри эмас, деб ўйлайман. Биз ёшлигимизда мана бундай қилардик, дейдиган ота-онанинг оиласидаги муҳит ҳам ўшандай бўлган.   

Бугун баъзи ҳолатлар ҳақида сўз юритиб, ота-оналарга, хусусан, ўзимга ҳам кўзгу тутишни истадим.

 Кимни тарбия қилайлик?

Мактабда ишлайдиган, у хоҳ қишлоқ, хоҳ шаҳар мактаби бўлсин, ўқитувчи билан суҳбатлашиб қолсангиз, унинг “дард”ларига беихтиёр шерик бўла бош­лайсиз. Йўқ, ўқитувчи боланинг тарбияси-ю китоб ўқимаслигидан эмас, ота-онадан кўпроқ норози бўлади.

- “Икки” баҳо қўйишингиз билан менинг боламни камситасиз, нима ҳақингиз бор икки қў­йишга, деб онаси югуриб келади, - дея гапириб беради шундай ўқитувчилардан бири. Тўғри, бу ота-­оналарнинг мактабга келиб туришлари учун ҳам асос бўлаётгани бир томондан қувонарли. Лекин иккинчи томондан қарасангиз, болага меҳр бериб, таълим бераётган ўқитувчининг шашти синиб қолишига олиб келади. Тушунинг, бир ўқитувчи синфдаги 40 нафар болага бирдай меҳр беролмайди, бунинг иложи йўқ. Қолаверса, ота-она билан ўқитувчилар ўртасидаги бундай катта жарлик фақатгина бола тарбиясига зиён қилади. Унда манманлик, нафақат ўқитувчига, балки кейинчалик ўз яқинларига нисбатан ҳам беписанд, талабкашлик хислати кучаяди. Яъни, кези келганда ҳатто баҳосини ҳам жанжал қилиб яхшилатишга кўниккан бола келажакда ҳам худди шу йўл билан каттароқ мақсадларни талаб қила бошлайди. Шунинг ўзи тарбияда кескин бир ўпирилишни юзага келтиради.

Амаллар талабларга мос келмаганда...

Дарвоқе, талаб ҳақида. Яқинда Ўзбекис­тондан Беларусга ўқишга кетган бир гуруҳ талабалар билан суҳбатлашиб қолдим. Тўғриси, уларнинг баъзи фикрларини эшитиб, олий таълим муассасасида ўқийдиган болаларнинг бошқа давлатда ўзларини тутишлари нақадар аянчли эканидан, гарчи, 20 ёшдан ошса-да, оддий қоидаларга амал қилмаслиги, тўғрироғи, шу кўникманинг йўқлиги учун ҳамон назоратга муҳтож эканлигини ҳис қилдим.

- Беларусдаги институт ректори доим ўзбекистонлик талабалар билан учрашиб, фикрларини билиб туришга ҳаракат қиларди, - дея гапириб беради шу талабалардан бири. - Билим олиш, яшаш билан боғлиқ масалаларда муаммо йўқ эди. Қолаверса, ҳаммаси ҳақида у ерга боришдан олдин огоҳлантирилгандик. Афсуски, қайси давлатга кетаётганимизни, қайси тилда таълим олишимизни билиб ҳам кўпгина талабалар “Биз рус тилида ўзлаштиришга қийналяпмиз”, дея шикоят қилишди аввалига. Институт ректори гарчи, бу ваколатига кирмаса-да (сабаби, ўқишга қабул қилинишидан олдин талабалар рус тилини яхши билиши асосий шартлардан бири эди), рус тилини чуқурроқ ўргатиш бўйича бепул курс ташкил қилиб берди. Лекин бу курсга борувчилар сони шикоят қилганлардан кўра озчиликни ташкил қилди.

Кейинги учрашувда талабалар жума намози ўқиймиз, дея дарс жадвалини ўзгартиришни талаб қилди. Бу шикоят ҳам эътиборга олиниб, ушбу кунда дарс жадвали ўзгартирилди. Лекин буни қарангки, ўқишга истаги бўлмаган, фақат талаб қўйиш керак, деб ҳисоблайдиган талабалар ҳар сафар яна нималарнидир айтишга ҳаракат қиларди. Шундай йиғилишлардан бирида факультет деканининг чиқиши бизни жуда таъсирлантирди. “Ҳурматли талабалар, тўғри, сизларнинг фикрларингиз биз учун муҳим. Лекин баъзи талабларингиз хатти-ҳаракатларингизга мос келмаётгани бизни ташвишга соляпти. Сиз жума намозига бораман, деб айтяпсиз, аммо шу талабни қўйган талабалар ётоқхонада спиртли ичимлик ичиб, деразаларни синдирди. Бир нечта ўзбекис­тонлик талабалар  автомобилни ижарага олиш қоидаларини кескин бузди, бир неча автоҳалокатлар содир бўлди. Баъзи талабалар жиддий қоидабузарлиги учун ўз мамлакатингизга қайтарилди. Биз талаб­ларингиз хатти-ҳаракатларингизга мос келишини истаймиз”, деди у.

Тўғриси, деканимизнинг шу чиқишидан шахсан жуда уялдим.

Институт тарбиячи эмас

Бу талаба бироз эҳтиросга берилган, хорижда тенгдошларининг хатти-ҳаракатларидан уялган ҳолда бу фикрларни билдиргандир. Унинг фактлиги рост. Шунда бугун бежиз юртимизда олий таълим муассасаларида ота-оналар йиғилиши ўтказилмаётган экан-да, деган фикрга бордим. Нафақат ҳали мустақил  фикрлаш, балки ҳаракат қилишда ҳатто, 20 ёшлилар ҳам назоратга муҳтож эканлиги кишини ташвишга солади. Бу энди мактабларга ўхшаб институтлар ҳам тарбия билан шуғулланишга кўпроқ эътибор қаратишга мажбур бўлаётганини билдиради.

Ваҳоланки, уйидан узоқда таҳсил олаётган талаба фарзандининг қандай яшаётгани, нима билан машғуллигини билиб туриш ота-онанинг вазифаси. Бунинг учун институт уларни  чақириши шарт эмас. Қолаверса, талабани бу ёшда тарбия қилишнинг фойдаси йўқ, у оиласидан оладиганини олиб бўлган, фақат тарбия бобида маълум бир йўналишларни бериш мумкин, холос.

Таҳририятимиз атрофида талабаларни ижарага қўядиган хонадонлар кўп. Улар билан суҳбатлашсангиз, кўпи ёзғириб қолади.

“Оддий гигиена қоидаларига риоя қилмайди талабалар. Китоб ўқиганини кўрмайман... Кўпчилигининг ота-онаси бир мартаям хабар олмаганидан ҳайрон қоламан. Наҳотки, фарзанди қандай шароитда, кимлар билан яшаётгани билан қизиқмаса!”.

Бизнинг аксимиз

Хулоса чиқаришга шошилманг, юқорида айтганимдай, ёшлардан ёзғираётганим йўқ. Улар ўзимизнинг аксимиз экан, демак, биринчи навбатда, ўзимизни ислоҳ қилишимиз кераклигини айтмоқчиман, холос.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

“Зарафшон” мухбири.