Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда қанчалик натижага эришяпмиз?
Юртимизда келажак эгаларининг баркамол бўлиб вояга етиши, илму фан, замонавий техника ва технологияларни пухта эгаллаши, давр талаблари асосида таълим ва тарбия олиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун етарлича шарт-шароитлар яратиляпти.
Ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси шунча юқори бўлади. Айтиш керакки, бугунги кунда ҳар бир давлат хизматчиси ўз йўналиши бўйича ёш мутахассисларга тажриба алмашиш, зарурий кўникма ва малакаларни ошириш, қолаверса, юрт тинчлиги, халқ осойишталиги йўлида хизмат қилиш каби кўникмаларни мустаҳкамлаш бўйича турли тадбир ва лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Жумладан, ёшлар ўртасида ўтказиб келинаётган “Амир Темур издошлари”, “Биз тарихни ўрганамиз”, “Сиз қонунни биласизми?”, “Ёш мусаввир”, “Заковат”, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Ёш полиглот”, “Мунозара”, “Ёш чегарачи”, “Ёш қутқарувчи”, “Темурбеклар” каби танловларнинг ўтказилиши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин эгаллайди.
Ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш, қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, мустақиллигимиз ва юрт равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш ҳақидаги тушунча ҳамда бу борадаги назарий-амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш, ёшларда ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш кўникмаларини, турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш бугунги кун талаби эканини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали ёшлар онгига сингдириб бориш биз, давлат хизматчиларининг вазифаси деб ҳисоблайман.
Муҳими, бугунги кунда юртимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида она юртга муҳаббат, халққа хизмат туйғусини шакллантириш, баркамол авлод, комил инсон бўлиб вояга етишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Бугун ёшларнинг бандлигини ташкил этиш, уларнинг замонавий касбларни эгаллаши давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада маҳалла етакчиси лавозимларининг жорий этилиши, юртимизда ёшлар сиёсатига уларга берилган эътиборнинг далили, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, маҳалланинг ёшлар баланси шакллантирилди.
Ёшларни ватанпарвар бўлиб етишишига хизмат қиладиган яна бир тадбир шу бўлдики, маҳалла ёшлари балансидан келиб чиқиб, улар тоифаларга бўлинди ва бу ёшлар давлат фуқаролик хизматида фаолият юритаётган ташкилот вакилларига бириктирилди. Бириктирилган вакиллар ёшлар билан индивидуал шаклда иш олиб бормоқда. Мавжуд муаммолар бартараф этиляпти.
Маҳаллаларда оталиққа олинган ёшлар, тарбияси оғир тоифадаги ёшларнинг давлат хизматчиларига бириктирилганлиги ва бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётгани фикримизнинг яққол далилидир.
Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкилотлар билан ўтказилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар, ҳарбий ватанпарварлик лойиҳалари эса ватан туйғусини сингдиришга хизмат қиляпти.
Олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар иштирокида ўтказилиб келинаётган турли лойиҳа ва тадбирлар, жумладан, “Миллий қадриятлар сайли”, “Табиатни асраймиз”, “Биз чиқиндиларсиз ҳаёт тарафдоримиз”, “Тоғда бир кун”, “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақалари, “Талаба-қизлар” форуми, “Миллий қадриятлар сайли”, “Тенгдош-тенгдошга кўмакчи”, “Етакчиликдан раҳбарлик сари”, вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда эфирга узатилаётган “Идрок” интеллектуал ўйини ҳамда турли спорт мусобақалари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган муҳим тадбирлардан ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Самарқанд шаҳридаги "Нурафшон" маданият саройида Самарқанд давлат университети Ургут филиали "Ёш маърифатчилар" театр студияси жамоаси томонидан буюк жадидлар намояндаси, маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятига бағишланган "Самарқандлик Беҳбудий" спектаклининг намойиш этилгани ёшларда ватан туйғуси, уларда ватанпарварлик ҳиссини оширишга, она-юртига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбия топишига замин яратди.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулло Авлоний айтганидек, “Ҳар бир миллатнинг саодати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқ”. Шундай экан, ҳар бир давлат хизматчиси ёшларнинг тарбияси, уларни комил инсон бўлиб шаклланишига ўз ҳиссасини қўшиши, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни кенг тарғиб қилишда ёшларнинг қонуний талаб ва ташаббусларини қўллаб-қуваатлашда шахсий намуна кўрсатиши лозим.
Дилфуза Азизова,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси.