Ёзда электр етишмовчилиги олдини олиш учун иссиқлик энергия станцияларига ҳозиргидан 6 миллион куб метрга кўп газ етказиб бериш вазифаси қўйилди
Президент иштирокидаги йиғилишда ёз ойларида электр тизимларининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, юклама ошиб кетиши натижасида уларнинг ишдан чиқишини олдини олиш чораларини ўз вақтида кўриб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Паст кучланишли 30 минг километр электр тармоғи ва 10 мингта трансформаторни мукаммал таъмирлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш топширилди.
Вилоятлар ҳокимларига электр ускуналари ва материаллари захираси учун эҳтиёжларни ҳисоб-китоб қилиб, ҳар бир вилоятда 10 миллиард сўмдан маблағ ажратиш топширилди.
1 августга қадар 2023 йил учун режа қилинган тармоқ ва трансформаторларни таъмирлаш ишларини якунига етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун вилоят, шаҳар ва туманларда 400 га яқин бригада ташкил қилинади.
Шунингдек, мутасаддиларга иссиқлик энергия станцияларига бугунги кунга нисбатан 6 миллион куб метрга кўп газ етказиб беришни таъминлаш, 1 июлга қадар 200 минг тонна мазут захирасини яратиш топширилди.
Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назоратини кучайтириш, электр энергияси ва газнинг ноқонуний истеъмолига барҳам бериш бўйича ҳам вазифалар белгилаб берилди.