ЙПХ инспекторига бўйсунмаган қоидабузар ҳайдовчи 6 та транспорт воситасига шикаст етказди

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 октябрь куни соат 14:00 ларда Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ ва Мовароуннаҳр кўчалари кесишмасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган “Lacetti” русумли автомобиль ҳайдовчиси 30 ёшли Т.А. ҳаракатини давом эттирган.

Шундан сўнг у Мустақиллик шоҳ кўчаси бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланиб, Оққўрғон ва Мустақиллик шоҳ кўчалари кесишмасига етган вақтида қоидабузарлигини давом эттириб, ўзидан олдинда бўлган 6 та транспорт воситасига техник шикаст етказган. Ўзи эса йўлнинг қарама-қарши бўлагини ажратиб турувчи қисмида, тунги вақтда ёритиш учун ўрнатилган симёғочга урилиб тўхтаган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тан жароҳати олганлар йўқ.

Қайд этилишича, ҳайдовчининг меъёрий ҳужжатлари тўлиқ бўлмаганлиги сабабли ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, тезлигини меъёридан ошириб ҳаракатланганлиги маълум бўлди.