Юк автомашинасида 1305 килограмм рангли металлар яширилгани аниқланди

Таркибида рангли металлар бўлган агрегатларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик фактлари, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини яширинча тайёрлаш, уларни мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетишга уриниш ҳолатлари учраб турибди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Н.К. бошқарувидаги “Isuzu” русумли автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди.
Натижада, автомашина юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий оғирлиги 1305 килограмм бўлган мис, алюминий ва магний рангли металл парчалари яширилганлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июндаги “Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартибини такомиллаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жисмоний шахслар металл парчаларини эркин нархларда “Ўзметкомбинат” ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” акционерлик жамиятларига топширишлари мумкин.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.