Юлдузлар илми ва мусиқа: Чолғу асбобларимиз косалари - бош косамизга, дастаги - орқа мия умуртқа поғонасига, торлари асаб торларига хос

Эътибор берганмисиз, биз нимага қарасак, кўз олдимизда борлиқ - коинот, одамзод, ҳайвонот, наботот, ер курраси гавдаланади. Мирзо Улуғбек расадхонаси ёки чолғу асбобларининг барчасида юлдузлар илми меридиан чизиқлари билан боғлиқ қадимги фундаментал фанлар тушунчаларини кўрамиз.

Шу сабабли Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбек миллий санъати, чолғу асбобларининг коинот илмларидан, қадимги пантеистик ва бошқа таълимотлардан келиб чиққанлиги ҳақида хулосаларимни баён қилиб ўтмоқчиман.

Айтайлик, Мирзо Улуғбек расадхонасига зиёрат учун келганимизда, ўйлаб туриб, астрономия фанидан юлдузлар меридиани, география фанидан ер курраси нисфуннаҳори ва уларга параллел ҳолда қурилган расадхона меридианини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин.

Инсон орқа мияси умуртқа поғонасидан ўтган асаб толалари ҳам айнан чолғу асбоби косаси, дастаги ва торларининг маъносини англатган.

Осмон катта коинот бўлса, одамзод орқа мия умуртқа поғонаси ва мусиқа асбоби дастаги ҳамда торлари кичик коинот меридиани ҳисобланиб келинган. Яъни, биз бош ва орқа миямиз, умуртқа поғоналари, асаб толалари орқали дунёни, ғайб оламини англасак, бош ва умуртқа поғоналарига ўхшайдиган дутор, танбур каби чолғу асбобларини чалиш билан асабларимизга дам берамиз, маънавият-маърифат, санъат оламига кириб борамиз.

Эҳтимол, ана шу уйғунлик туфайли қадимда барча қомусий юлдузшунос олимлар мусиқашунос ҳам, табиб ҳам бўлишган. Жумладан, Фаробий мусиқашунос бўлиш билан бирга, юлдузшунос ҳам бўлган ёки шайх ур-раис Ибн Сино буюк ҳаким ва яна нужум илмининг соҳиби ҳам бўлган. Мирзо Улуғбек фалакиёт илми билан бирга мумтоз мусиқа санъатига доир бир нечта асарлар ёзган.

Демак, мусиқа санъатига тегишли ҳар бир чолғу ускуналарида, нафақат қуёш, ой ва сайёралар билан боғлиқ ноталар, балки дутор, танбур каби чолғу асбоблари косалари - бош косамизга, дастаги - орқа миямиз умуртқа поғонасига, торлари эса асаб торларига хос ва мос қилиб яратилган экан.

Буларнинг барчаси Мирзо Улуғбек расадхонаси квадрант асбоби кўринишида ўз аксини намоён қилади. 

Икромиддин СИРОЖИДДИНОВ,

Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси илмий ходими.