ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий ва номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондан нечта объект киритилган?

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йил ва кейинги йилларда иқтисодиёт соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифалар белгилаб олинган эди.

Жумладан, туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш, бу борада бир қатор муҳим чора-тадбирлар қаторида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий мероси ва номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги янги объектларни киритишни тезлаштириш вазифаси ҳам қўйилган эди.  Хўш, бугунги кунда юртимизнинг қайси моддий ва номоддий мерослари ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ва яна қайсилари киритилиши режалаштирилган?

ЮНЕСКОнинг умумжаҳон рўйхатидаги моддий маданий мерослар сони 1121 тани ташкил этади. Мазкур рўйхатга Ўзбекистондан 4 та мерос киритилган бўлиб, булар:

- Ичан қалъа (1990 йилда);

- Бухоро шаҳрининг тарихий қисми (1993 йилда);

- Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисми (2000 йилда);

- Самарқанд шаҳри (2001 йилда).

ЮНЕСКОнинг умумжаҳон рўйхатидаги номоддий маданий мерослар сони 500 дан ортиқни ташкил этиб, мазкур рўйхатга Ўзбекистондан 8 та мерос, яъни:

- Бойсун тумани маданияти (2008 йилда);

- Шашмақом (2008 йилда - Ўзбекистон ва Тожикистон);

- Катта ашула (2009 йилда)

- Аския - ақл-идрок санъати (2014 йилда)

- Наврўз (2016 йилда Ўзбекистон ва яна 11 та давлат);

- Палов тайёрлаш маданияти ва урф-одати (2016 йилда);

- Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, атлас ва адрас матоларини тўқишнинг анъанавий технологияси (2017 йилда);

- Хоразм лазгиси (2019 йилда) киритилган.

Шунингдек, ЮНЕСКОнинг 2020 йил декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган номоддий мерослар рўйхатига киритиш бўйича анжуман муҳокамасига Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Эрон давлатлари томонидан миниатюра санъатини мазкур рўйхатга киритиш юзасидан мурожаат тақдим этилган.

Интернет маълумотлари асосида Ш.СУВОНҚУЛОВ тайёрлади.