Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа сабаблари ўрганилди
Ўтган йили 18 декабрь куни Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган аварияда қурувчилар ҳалок бўлган эди.
Содир бўлган бахтсиз ҳодиса махсус текшириш комиссияси томонидан ўрганилди. Мазкур комиссия таркибига Давлат меҳнат инспекцияси вакили ҳам бириктирилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, «бахтсиз ҳодисага хандақ қиялик деворини мустаҳкамлаш ишлари жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, лойиҳадан четланиш ҳолати мавжудлиги, ёғингарчилик сувлари ҳамда оқава қувурларидан сизиб чиққан сувнинг интенсив тупроққа шимилиши сабаб бўлган», дейилади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Махсус текшириш комиссияси жабрланувчиларнинг қарамоғидаги шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 4 та оиланинг ҳар бирига 261 миллион 938 минг 888 сўмдан, жабрланувчи яна бир оилага 281 миллион 62 минг 782 сўм бир йўла тўланадиган бир марталик нафақа пуллари белгиланди.
Шунингдек, марҳумларнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга ойма-ой тўланиши лозим бўлган пул маблағлари ҳисоб-китоб қилиниб, амалга ошириш учун иш берувчиларга тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, метро қурилишида қурбон бўлганларнинг 4 нафари Қашқадарё ва 2 нафари Самарқанд вилоятидан бўлган.