Юрт қадрини улуғлар оширади

Нуротанинг Чашма қишлоғида туғилиб ўсган Суюндиқ Мустафо Нуротаий жуда катта ижодий йўлни босиб ўтган. Айниқса, таниқли олим Нажмиддин Комиловга шогирд тушгач, у кишининг ўгити, маслаҳати ва дуолари билан буюк алломаларимиз маънавиятларига бағишлаб 20 дан ортиқ китоб ва рисола ёзди.

Яқинда 70 ёшга тўлган ва ҳозирда Тошкентда истиқомат қилаётган маърифатли отахон бизга “Кимки содиқ эрур, топур мақсад” номли эссесини юборибди. Унда Самарқанд ва Бухоро заминида яшаб ўтган алломалар мероси таҳлил этилади. Рамазон кунларида биз ана шу мақолани навбати билан сизларга ҳавола этмоқчимиз.

Қадимий Кўҳак – Зарафшон дарёси Туронзаминнинг икки мунаввар сарҳадини об-ҳаёт билан боғлаб туради. Бу муштараклик Ҳофизнинг таъриф-у изҳорида:

Самарқанд сайқали рўйи замин аст,

Бухоро қуввати исломи дин аст»,

бўлиб жаранглаши замирида бир олам мазмун ва маъно, сир-у синоат бор. Аслида ислом маърифатининг ёғдуси, нури бор. Бу ҳақиқатни Зарафшон баробарида Имом Бухорий мисолларида тўла идрок этиш мумкин.

Улуғ муҳаддис Аллоҳдан кураи заминнинг ислом аҳлига насиб этган бир иноятики, бу зотни ўзларидай яна бир сиймо билан қиёслашга қиёс йўқ. Баракотларидан Бухоро-ю Самарқанд нашъу намо топиб, файзу футуҳи ислом оламини ёритиб турибди. Баҳраларидан асрлар оша олим-у уламолар камолга етмоқда. Шунинг учун ҳам мен бу улуғ сиймони Зарафшон дарёсига қиёслайман.

Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим Бардазбеҳ ал-Бухорий (810-871) нинг қувваи ҳафизаларига юз мингта саҳиҳ ва икки юз мингта саҳиҳ эмас ҳадис жо бўлган. Шунинг учун ҳам Яҳъё ибн Жаъфар Бухорийга оид воқеликларни баёнлашда ҳайратдан «У Аллоҳнинг ер юзида юрган бандаларидан бир банда!» демаганлар, балки «...Аллоҳнинг ер юзида юрган белгиларидан бир белгидир!» деган эканлар. Чунки, бу миқдорни хотирага ва шу баробарида бутун тафсилотлари билан кўксга жойламоқни бир инсонга нисбат беришда тасаввурга сиғмайди. У Аллоҳнинг қудратидан равшан бир белги эканлиги – бу ҳақ рост!  

Бу ҳақда хўп ва кўп гапириш мумкин ва  ислом оламининг яна икки буюк алломаси - Имом Абу Мансур ал-Мотуридий, тенгсиз «Ҳидоя»нинг муаллифи Шайх Абу Наср Марғиноний каби яна ўнлаб сиймоларнинг табаррук излари Самарқанд заминида эканлиги давомга ва қўшимча изоҳга ҳожат қолдирмас.

Бухоро... Бу диёр қол ва ҳол илмларида улуғ мартаба касб этган авлиёлар, олим-у уламолар юрти. Улар жумласига ислом оламида илм салоҳияти билан "Кабир" (Буюк), соҳиби каромат сифатлари сабаб "Ҳожатбарор", шарофатларидан Бухорои шариф "Қуббатул ислом" унвонини олган Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс аз-Зиракон Абдуллоҳ ал-Бухорий (милодий 767–832)ни, машҳури жаҳон етти пир: Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддису сирриҳу – Хожаи Жаҳон (1103-1179 ), Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий қуддису сирриҳу (вафоти 1259 йил), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қуддису сирриҳу (вафоти 1286 йил), Хожа Али Ромитоний қуддису сирриҳу (вафотлари “Рашаҳот”да 1310, “Мақомати Шоҳи Нақшбанд”да 1321 йил), Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий қуддису сирриҳу (манбаларда вафотлари санаси икки хил: 1340 ва 1354 йиллар),  Саййид Амир Кулол қуддису сирриҳу (тахминан милодий 1288-1371), Ҳазрати Саййид Муҳаммад Баҳоул-ҳақ вал-миллат вад-дунё уд-дин Нақшбанд ибн Саййид Жалолиддин - Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари (1318-1389)ни ёд этиш фикримизнинг чунон тасдиғидир.

Аслида бу азизлар каби сиймоларни рўйхат этсак, неча жилд дафтарлар тўлар. Шукрона билан мухтасар айтар сўзимиз шулки, улар жамлигидан Зарафшон баҳр (денгиз)га айланди, замонлар ва сиёсатлар не тарз ўзгарсин, ўзгармасин янги дарёи дарғалар қўшилиб оқаверди. Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг “Тарихи муллозода” асарида   (XIV аср охири, XV аср бошлари)да шундай изҳор бор:

“Саййид Аҳмад “Қандийа”да келтирубдурки, 80 маротаба манбаларда топдимки, буюрибдилар: Мовароуннаҳрда учта муборак шаҳар бор. Булар Бухоро, Самарқанд ва Нур. Анас ибн Молик ривоят қиладурки, Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: “Жайҳуннинг нариги томонида учта муборак нурли шаҳар бор. Уларни Бухоро, Самарқанд ва Нур дерлар...” (84-бет).

Албатта, юқоридаги матнлар, исноди ва тарзи ҳақида фикр билдириш шу соҳа олимларига ҳавола. Биз ўз кўзимиз билан кўриб, қўлимиз билан тутган асл манбадан олиб ёзаётирмиз. Эътиборингизга уни баён этишдан мақсад эса “муборак нурли” иборасига ҳамда ўз даврининг етук алломаси Ёқут Ҳамавий (милодий 1179-1229)нинг “Суғд шарқий эллар орасида энг обод жойдир. Оқар сувлари бор, дарахтлари кўп, иқлими баҳаво, одамлари меҳмондўст ва хушмуомала” ҳамда Қутайба ибн Муслимнинг (милодий 669-715) ҳайратига сабаб бўлган ўлка (Суғд- Самарқанд): “У ям-яшил боғу роғларга чўмган бир осмон янглиғдир, қасрлари порлоқ юлдузлар монанддир, дарёси эса (фалак узра) Сомон йўлига ўхшайди” деган таърифлари донишлари илмиятига ҳам ишора эканлигини эслатишдир.

Суюндиқ Мустафо НУРОТАИЙ.

(Давоми бор)