Юртимизда коронавирусга чалинган 7 нафар беморнинг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, 1955 фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 86 беморнинг 16 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 79 бемордан 1 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 105 бемордан 26 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 4 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
992 ҳамюртимиз касалликдан тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди.
Карантин тадбирларига риоя қилмаслик қандай жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида қайта-қайта гапириляпти. Ўйлаймизки, сиз карантин тадбирларини, талабларини тўлиқ англаб етдингиз. Эндиликда, уйда қолиш, кўчага чиқмаслик, мулоқотдан тийилиш, қолаверса, мулоқотга эҳтиёж бўлганда масофа ушлаш орқали сақланиш мумкинлигини биласиз. Шундай экан, карантин тадбирлари тугагунга қадар ушбу талабларга тўлиқ риоя этишингиз керак. Зинҳор ўзингизни хавф остига қўйманг. Касаллик қўзғатувчиси атрофимизда йўқ, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ҳар бирингизда ўзингизни ҳимоя қилиш имконияти бор экан, ундан фойдаланинг.