Юртимизга кўз тегмасин

Ёшим 86 га яқинлашди. Яратганга ҳамду-сано, шукроналар айтаман, тенгқурларим қаторида Янги Ўзбекистонда кексалик гаштини сураётганимдан мамнунман.

Албатта, бу ёшга етгунга қадар кўп раҳбарларни, воқеаларни кўрганман, турмушнинг аччиқ-чучугини татиганман. Аввалги ва кейинги даврни таққослаш имконига эгаман. Қишлоқда туғилиб ўсганим сабабли умримнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги юмушлари билан кечган. 

Болалигим Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги қийинчиликлар даврига тўғри келган. Ҳозиргидай егулик-ичимликни саралаб эмас, борига шукур қилиб яшаганмиз. 

Отамиз урушдан ярадор бўлиб келган, бизларни сабр-қаноатга ўргатган. Рўзғор учун товуқ парвариш қилдик, кейин ечки олдик, кўп боқдик, уларни сотиб бузоқ олдик, бузоқ сигир бўлди, (камбағалликдан чиқиш йўли эди). Буларнинг ҳаммаси сабр-қаноат туфайли пайдо бўлди ва умримизга қут-барака берди,  деб кўп такрорлар эди падари бузрукворимиз.

1945-1950 йилларда қишлоқларда ҳамма одамлар томорқасига оқ жўхори экиб, олинган ҳосилдан йил давомида ун қилиб зоғора нон билан ҳаёт кечирар эди. Буғдой уни 1950 йилдан кейин пайдо бўлди, ундан тайёрланган нон тансиқ егулик сифатида меҳмонларга, бетоб инсонларга тайёрланар эди. Ҳафтанинг фақат якшанбасида отамиз Яканшик ота бозорига бориб, қанд-қурс ва бошқа егулик сотиб олиб келар эди. Демоқчиманки, ҳозиргидай дўконлар йўқ эди, қишлоқда биттагина дўкон бўлиб, унда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари жуда ҳам кам эди.

1991 йил СССР деган мустабид тузуми инқирозга юз тутиб тугатилди, Ўзбекистонимиз  мустақил  деб эълон қилинди. Бу жараёнда XI чақириқ Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутати – халқ вакили сифатида Мустақиллик учун овоз берганимдан ҳамиша фахрланаман ва ғурурланаман. Беш йил депутатлик давримда Ўзбекистон Республикасининг Бош қомуси — Конституциясини, байроғини, мадҳиясини ва қарийб 200 та қонунлар қабул қилинишида овоз берганим ҳаётимдаги тарихий воқеалардан ҳисобланади.

Жонажон Ўзбекистонмиз Мустақилликка эришганидан кейин, айниқса кейинги 8 йилда ҳар томонлама ривожланди, обод бўлди. Юртимиз аграр мамлакатдан саноати ривожланган, илмдан тараққий этаётган, сайёҳлар оқими кўпайган мамлакатга айланди.

Одамларнинг турмуш шароити сезиларли даражада яхшиланди, айниқса, қишлоқларда электр энергияси, газ таъминотининг узлуксизлигини тарифлашга сўз ожиз.

Мен кекса авлод вакили сифатида ҳозирги нуроний оқсоқоллар билан кўпроқ мулоқотда бўлганим сабабли, кўрсатаётган ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимиз шаънига миннатдорлик сўзларини кўп эшитганман. Тиниб-тинчимас Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонга биринчи раҳбар бўлгани Аллоҳнинг Ўзбекистон халқига кўрсатган иноятига шукроналар билдиришади ва у кишининг ҳақига дуо қилишади. Зеро, ҳурматли Президентимизга Аллоҳ илоҳий бир куч-қудрат берган, туганмас ақл-заковат берган. 

Ҳозирда юртимизнинг қаерига бормайлик, Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кўзни қувонтирадиган, дилни яйратадиган манзарани кўрасиз.

Бошқа вилоятларни камситмаган ҳолда айтмоқчиман, Ҳурматли Президентимизнинг Самарқандга меҳри ўзгачалиги маълум.

Юртбошимиз суюкли Самарқандимизни хайрли, савобли тадбирларни ўтказадиган чин маънода нурли масканга айлантирдики, дунё қойил қоляпти. Кейинги йилларда жаҳоннинг ярим аҳолиси истиқомат қилаётган 14 мамлакатнинг президентларини таклиф қилиб, йиғилиш ўтказгани, ЮНЕСКОнинг йиллик тадбири Самарқандда ўтказилиши ва бошқа кўплаб катта-кичик тадбирларнинг шу ерда ўтказилиши бу катта ютуқ, муваффақият саналади.

Президентимиз Ўзбекистон халқини ўзининг шижоати,  халқпарварлиги, тинчликсеварлиги билан бирлаштирди. Шунинг билан бирга, ёнимиздаги қўшни мамлакатлар халқига ҳам ғамхўрлик қилаётгани таҳсинга сазовор.

Аллома айтганидай, бошқалар тўғрисида қайғуриб, ўз бахтини топаётган меҳрибон ҳамда баракали раҳбаримиз борлигидан фахрланамиз.

Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг ўзининг ташаббуслари билан учраштириб, улар ўртасига илиқлик киритгани, камбағалликни тугатиш бўйича олиб бораётган ишлари жаҳонда қўлланиляпти. Америка Қўшма Штатидай  қудратли мамлакат Президенти ҳам бизнинг Президентимиз билан ҳисоблашаётгани, илиқ муносабати ҳаммамизни қувонтирди. 

Дарҳақиқат, юртбошимиз катта кўламда кенг қамровли ишларни амалга ошираётганлари туфайли ютуқлари бисёр, мукофотлари ҳам кўпайяпти. Энг муҳими, халқимизнинг ишончи ошди. Президентимизга ютуқлар, мукофотлар муборак бўлсин дейишга  ҳақлимиз. Буларнинг барчаси таъкидланганидек Ҳурматли Президентимизни дину-давлат раҳбарлари, арбобларининг лидерига айлантирди, десак муболаға бўлмас.

Президентимизнинг яқинда Самарқанд вилоятига ташрифи ҳам тарихий  воқеаларга бой бўлди. Ёзувчилар ёзаман деса юртбошимизнинг ҳар бир иш куни  бир достон, тарих, бир асар роман бўлади. Ургут туманига (бу туманда 600 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади) қисқа муддатда темир йўл қурилиб, Президентимизнинг биз нуронийлар ҳамроҳлигида поездда туманга бориши бу мўъжиза эди. Юртбошимизнинг кайфияти аъло, сабаби ниятлари амалга ошаяпти, топшириқлари бажариляпти. 

Ургутда вилоят халқ депутатлари кенгаши сессиясида Президентимиз томонидан вилоят ҳокимлигига кўрсатилган номзод Адиз Музаффарович Бобоев вилоят ҳокими этиб сайланди. 

Янги хоким билан нуронийлар ҳам ёнма-ён туриб ёшларни тарбиялашга, уларни сабр-тоқатга шукрона билдириб яшашга ўргатишга ваъда беришди. 

Юртбошимиз Самарқанд вилоятини методик вилоятга айлантириш бўйича ташаббус билдирди. Аҳолиси энг кўп Ургут туманида, Самарқанд вилоятидa ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги айтилди. Ургут тумани мисолида 30 тa йўналиш бўйича ишсизликни, камбағалликни тугатиш, ердан унумли фойдаланиш, токзорларни томчилатиб суғориш, пировард натижада иқтисодни яхшилаш каби  вазифаларни белгилаб берди. Ургутда 100 минг квартирали уй жой қуриб, “Янги Ургут” шаҳрини барпо қилиш ният қилинди. Буларнинг барчасига сарфланадиган харажатлар учун ортиғи билан маблағ ажратилиши биз кексаларни ҳам қувонтирди.

Мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришларнинг барчаси  юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг сермаҳсул  меваси деб биламиз.

Ўзбек халқининг суюкли шоири Муҳаммад Юсуф “Ўзбекистонни билганларга қиламан таъзим, билмаганларга раҳмим келади”  деб ёзганди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев кейинги 8 йилда жонажон Ўзбекистонимизни, суюкли Самарқaндимизни дунёга бўй-басти билан тиниқ, равшан, гўзал қилиб танитдики, сайёҳлар  сезиларли даражада кўпайди. Имом Бухорий мажмуаси, шаҳарчаси, ишга тушгандан кейин мусулмон мамлакатларидан зиёратчилар оқими, мисли кўрилмаган даражада кўпайди. Бу эса давлатимиз иқтисоди янада яхшиланишига ҳисса қўшади.

Абдушукур Муҳаммадқулов,

меҳнат фахрийси.