Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ютуқларнинг сири нимада?

Яқинда мактабимиз Инвестиция дастури асосида қарийб 16 миллиард сўм маблағ эвазига тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилди. Барча синф хоналари ва спорт зали замонавий жиҳозлар билан бойитилди.

Шу пайтгача мактабимизда футбол майдончаси йўқ эди — эндиликда 18×36 метр ҳажмдаги янги майдонча барпо этилди, мактаб ҳовлиси эса тўлиқ плита билан қопланди.

2026–2027-ўқув йилини таълимдаги янгича ёндашувлар билан бошладик. Мактабнинг педагогик кенгашида ўз ички имкониятларимиздан унумли фойдаланиш, ҳар бир ўқитувчи онгига «Дарс — муқаддас» тамойилини сингдириш, «Устоз-шогирд» анъанасига қатъий амал қилиш ҳамда «Ўрган — ўргат» усулини кенг жорий этишга келишиб олдик.

Янги ўқув йилида 1-синф ўқувчиларимизни Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари ва шаҳарда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан таништирдик. Бу саёҳатлар жажжи ўқувчиларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат туйғусини уйғотди.

Юқори синф ўқувчилари билан эса табиат қўйнига уюштирилган саёҳатлар ҳамда олийгоҳларнинг лабораторияларида ўтказилган амалий машғулотлар ўз самарасини бера бошлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти, СамДУ ботаника боғи, Зарафшон қўриқхонаси ва «SamAvto» заводига қилинган саёҳатлар ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, СамДУ профессорлари А.Эшқобилов ва Ш.Махматмуродовларнинг ўқувчилар билан ўтказган суҳбатлари ғоят сермазмунли кечди.

Олиб борилган тизимли ишлар натижасида билимлар синови бўлган фан олимпиадасининг шаҳар босқичида ўқувчиларимиз тарих ва физика фанларидан фахрли 1-ўринни эгаллашди. «Беш ташаббус» спорт мусобақаларида эса енгил атлетика ва баскетбол турлари бўйича шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдик. Бундан ташқари, 9-«Г» синф ўқувчиси М.Насриддинова енгил атлетика, Р.Қурбонова сузиш, А.Тошкенбоева бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлишди. Ўқувчимиз М.Холмуродов эса каратэ бўйича халқаро мусобақа ғолибига айланди.

Мактабимизнинг янги баҳолаш тизимига ўтгани, мунтазам равишда «Очиқ дарс»лар ташкил этилиб, уларга ота-оналарнинг таклиф қилинаётгани ҳам ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Бу ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириб, уларни изланишга, янгилик яратишга ва мавзуга доир кўргазмали қуролларни ўз қўллари билан тайёрлашга ундамоқда.

«Касбий ривожлантириш соати» кунларида эса ҳар бир ўтилган дарс таҳлил қилиниб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бу жараён ўқитувчилардан янгича ёндашув ва ўз устида тинимсиз ишлашни тақозо этмоқда. Меҳнатнинг муносиб рағбатлантирилиши натижасида бугунги кунда 70 фоизлик устама оладиган ўқитувчиларимиз сони 6 нафарга етди.

Хорижий тилларни ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Малакали мутахассислар сабоғи туфайли ўнлаб ўқувчиларимиз халқаро ва миллий тил сертификатларини қўлга киритмоқдалар. Икки йилдан буён Эрон давлатидан ташриф буюрган хорижлик ўқитувчи Салеҳи Моҳаммад Халил ўқувчиларимизнинг энг севимли устозига айланган. У мактабда ташкил этилаётган турли оммавий тадбирларда фаол иштирок этади, халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига катта қизиқиш билан қарайди. Шу билан бирга, Эрон маданияти ва қадриятлари ҳақида ҳам ўқувчиларга сўзлаб бериб, икки халқ ўртасидаги дўстликни тараннум этувчи тадбирларни ташкил этмоқда. Бу эса ўқувчиларнинг инглиз тили фанига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Ф.Холиқов,

Самарқанд шаҳридаги 29-умумий ўрта таълим мактаби директори.