Юз билан юзлашган муаллим

Ургут туманининг Испанза маҳалласида юз ёшни қаршилаган табаррук инсон Бўрон Гадоев истиқомат қилади.

- 1925 йил августда деҳқон оиласида туғилдим, - дейди устоз. – 1940 йилда етти йиллик мактабни тугатиб, Лаккон гузарида хотин-қизларни ўқитдим, уларга хат-саводини чиқаришда ёрдам бердим. Аммо 1941 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши тинч ҳаётимизни остин-устун қилиб юборди. 1942 йил ўн етти ёшимда Ватан ҳимоясига сафарбар этилдим. Дастлаб Россиянинг Пенза шаҳрида уч ойлик, кейин Уляновскда олти ойлик ҳарбий тайёргарлик ўқувида қатнашдим. Миналардан тозаловчи мутахассислиги бўйича ўқитиб, кичик сержант унвонини беришди. Белоруссия фронтига жўнатишгач, 91-дивизия сафида фашистларга қарши жангларга сафарбар этилдик. Вазифамиз ҳужум қилиб бораётган армиямизни душман кўмиб кетган миналардан ҳимоя қилиш эди. Шу тариқа Эстония, Латвия, Литва, Шарқий Пруссия ва Польшани гитлерчи фашистлардан тозалашга ҳисса қўшдик. Жанглардан бирида қаттиқ ярадор бўлдим. Госпиталда даволаниб, яна қуролдошлар сафига қайтдим. Ғалаба кунини Шарқий Пруссияда кутиб олдик. Шундан сўнг батальонимиз Сталинградга, душманнинг портламай қолиб кетган мина ва бомбаларини тозалашга жўнатилди. Бу шаҳардаги вазифамизни бажариб бўлгач, Белоруссияга юборилдик.

Уруш йилларида бошимдан кечирган воқеаларни, ҳалок бўлган, майиб-мажруҳ бўлиб қолган қуролдош дўстларимни эсласам, ҳалиям юрагим жунжикиб кетади. Илоҳим, энди фарзандларимиз унақа кунларни кўрмасин, дунёда ҳамиша тинчлик бўлсин.

Муаллим бўлганим боис 1946 йилда ҳарбий хизматдан озод этилдим. Ватанга қайтиб, туманимиздаги Шитоб қишлоғида ўқитувчилик қила бошладим. 1947 йил февраль ойида Самарқанд педагогика билим юртига ўқишга кирдим. Кейин қишлоғимиздаги 7-мактабда беш йил бошланғич синфларга дарс бердим. 1953-1959 йилларда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат университетининг география факультетида ўқидим. Олий маълумотга эга бўлгач, 6-ўрта мактабда география фанидан сабоқ бера бош­ладим. Ўша йиллар мактабимиз Ургут туманининг етакчи таълим муассасаларидан бири саналарди. Мактабга 10-20 километр наридаги Бешкапа, Мўминобод, Тўрткўл, Ғўс қишлоқларидан ёшлар келиб, таълим оларди. Айрим ўқувчилар ижарада яшаб бўлса-да, билим эгаллашга тиришарди. Мактабнинг электр станцияси, юк автомобили, трактори, устахонаси, ҳатто каттагина иссиқхонаси ҳам мавжуд эди. Ўқувчилар мактабда касб ўрганиб, ҳайдовчилик, тракторчилик, токарлик, дурадгорлик бўйича гувоҳнома олиши мумкин эди. Малакали устоз-мураббийлар Ургут ва Самарқанд шаҳридан келиб, билимга чанқоқ ёшларга астойдил сабоқ берарди.

Шу тариқа 6-ўрта мактабда 20 йил ишладим. Аввал оддий ўқитувчи, кейин илмий бўлим мудири, мактаб директорининг ўринбосари вазифаларида фаолият кўрсатдим.

Ўтган асрнинг 70-йиллари охирида қўшни Лаккон гузаридаги 66-саккиз йиллик мактабда директорлик қилдим. Мактаб эски масжид ўрнидаги кўримсизгина бинода жойлашган бўлиб, уни бино деб ҳам атаб бўлмасди. Директорликка тайинлангач, мактаб учун янги бир бино тиклаш мақсадини кўзладим. Ҳашар уюштириб, пахсадан девор тикладик. Хўжалик ёрдамида бино томини ёпдик. Ота-оналар кўмагида бинони эпақага келтиргач, туман халқ таълими бўлими жиҳозлар билан таъминлади. Саккиз йиллик мактабни ўн йилликка айлантирдик. Пенсияга чиққунимга қадар шу мактабга ҳам ўқитувчилик, ҳам директорлик қилдим.

Бугун бу билим даргоҳининг янги биноларини кўрган кишининг ҳаваси келади. Биз ишлаган даврнинг машаққатларини эсласам, халқ таълимига бўлган бугунги муносабатни кўриб, юрагим қувонч ва ғурурга тўлади.

Ҳозирда маҳалла ва туман раҳбарлари байрамлар, яхши кунлар муносабати билан Бўрон бобонинг ҳолидан хабар олиб туришади.

Биз ҳам табаррук устозни бугунги улуғ байрам билан чин дилдан қутлаб, муборакбод этамиз!

Худойберди КОМИЛОВ.