«ЗАГС» карвони иштирокчилари 7 ва 10 сутка қамоқда ўтирадиган бўлди
Жорий йилнинг 16 август куни Самарқанд шаҳар Сартепа маскани “Туркистон” кўчасидаги автомобиллар карвони кўпчиликда хавотир уйғотди.
Негаки, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, транспорт воситаси ҳаракатини кескин ўзгартириб, йўл ҳаракати қоидаларини қасддан, қўпол равишда бузаётган бу ҳайдовчилар қилаётган амаллари ҳеч бир тартибга тўғри келмаслигини ўйлаб ҳам кўришмади. Янаям ажабланарлиси, улар шовқин кўтариб, жамоат тартибини, бу орқали кўпчиликнинг ҳаловатини бузди...
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида бундай бебош ҳайдовчилар бошқарган автомобиллар Самарқанд шаҳридаги автомашиналар жарима майдончасига жойлаштирилди.
Автомашиналар эгаларининг ҳуқуқбузарликлари ҳақида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Самарқанд шаҳар маъмурий судига юборилди.
Суд «ЗАГС» карвони иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларини майда безорилик, деб топди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади деб белгиланган.
Самарқанд шаҳар маъмурий суди 16 август куни “Туркистон” кўчасидаги содир этилган ҳолат иштирокчиларининг 2 нафарига 10 сутка, 9 нафарига эса 7 суткадан қамоқ жазоси белгилади.
Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати.