Замонавий кутубхона тойлоқлик китобхонларга муносиб совға бўлди 

Тойлоқ тумани аҳолисига янги қиёфадаги ахборот-кутубхона маркази ажойиб байрам совғаси бўлди.

Юртимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами олдидан топширилган мазкур марказнинг очилиш тадбирида туман ҳокими Б.Бобоназаров, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодуллаевлар ушбу маскан туман аҳлига муносиб байрам совғаси бўлганини, келгусида барча ижодий учрашув тадбирлари, китоб тақдимотлари шу ерда ўтказилишини таъкидлади.

- Мавжуд бинонинг кўриниши ҳам, сақлов хоналари ва ўқув заллари ҳам замон талабига жавоб бермай қолган эди, - дейди туман ахборот-кутубхона маркази раҳбари Толмас Худойназаров. - Эндиликда бино тўлиқ реконструкциядан чиқарилиб, хоналар кенгайтирилди ва замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. Китобхонлар учун барча шароит яратилган.

13 нафар малакали ходимлар меҳнат қилаётган марказнинг таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. 15 минг китоб фондига эга кутубхонага тез орада қўшимча қарийб 55 миллион сўмлик турли китоблар келтиришни режалаштирилган.

Ҳусан Элтоев.