«Зар оқувчи дарё» ҳақида нималарни биламиз?

Зарафшон водийси ўзининг жўғрофий жойлашуви ҳамда қулай табиий шароитларига кўра энг сўлим ва қадимдан маданий ҳаёт тараққий этган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Ҳудуддан Зарафшон дарёсининг оқиб ўтиши эса воҳанинг янада хушманзара ва обод бўлишида муҳим аҳамият касб этди. Мазкур дарё ўзининг жуда қадимий ва қизиқарли тарихига эга.

Унинг узунлиги 800 километрга яқин бўлиб, Помир-Олой тоғ тизмасидаги Зарафшон музликларидан бошланади. Номи эса ўтмишда хилма-хил аталган. Дарёнинг бошланғич қисми тор ва чуқур даралар орқали оқиб ўтиб, «Кўҳистон», яъни «Тоғлар ватани» деб ном олган баланд тепаликлар ён бағридаги катта ирмоқлар — Фандарё, Қўштутдарё ва Маржондарёлар сувини ўзига қўшиб олади. Дарёнинг сатҳи йил давомида кескин ўзгариб туради, ёз ойларида кўпайиб, куз ва қиш фаслларида камаяди.

Қадимий юнон манбаларида Зарафшон «Политмент» деб аталган. Бу сўз юксак, қадрли, мартабали деган маънони англатади. Яна бири суғдийча номи «Намик», яъни «аҳамиятли, ҳурматли» деган маънони изоҳлаган бўлса, қадим Хитой манбаларида «На-ми» дея аталгани маълумдир. Шунингдек, у айрим манбаларда Суғд дарёси дея қайд этилган.

Россиялик таниқли олим В.Лившитс таъбирича, у аксарият манбаларда суғдча «Намич» — шавкатли, аҳамиятли тушунчаси билан изоҳланади.

Унинг ҳозирги номи «Зар», яъни олтин, «афшон» — оқувчи, тарқатувчи деган маънони англатади. Дарёнинг бундай аталиши олтин билан боғлиқ бўлмай, у оқиб ўтаётган ҳудуд учун сув олтинга тенг ҳаёт манбаи, деган ёндашувдан олингани ҳақиқатга яқин.

Марказий Осиё тарихини ўрганган йирик олим С.Толстовнинг фикрича, бу дарёнинг номи ҳинд ва эрон халқларига мансуб бўлган, ҳозирда осетинларнинг аждодлари бўлмиш «алай» деб аталган скиф халқининг номи билан ҳам боғлиқ. Осетин тилида ҳозирга қадар «афшин», «афшон», яъни «тарқатувчи» деган сўз сақланиб қолган.

Тарихдан маълумки, ВИИИ асрда афшинларнинг шоҳи Дивоштич Зарафшоннинг юқори қисмида ҳукмронлик қилган бўлиб, у бошчилигидаги суғдларнинг арабларга қарши жанг майдонлари бу воҳа ерларига тўғри келади. Шу боис Зарафшон номи узоқ ўтмишда кўчманчи ва ўтроқ халқлар ҳаётига бевосита боғлиқ бўлган.

Қадимда одамлар Зарафшон дарёсига эътиқод қилиб, унга сиғинишган, бу дарёни ўзлари учун муқаддас билишган.

Суғд давлатининг пойтахти бўлган қадимги Панжакентда олиб борилган археологик қазишма ишлари пайтида ҳар хил жилвадор расмлар ичида «Дарё худоси», яъни тўрт қўлли аёл расми топилганлиги манбаларда келтирилган. Қизиғи шундаки, Ҳиндистондаги Ганга дарёсининг ҳам худоси худди шундай тасвирланган экан. Чунки Ганга — ҳинд халқининг тириклиги, ҳаёт-мамоти ва жонтомири ҳисоблангани боис, қадим-қадимдан ҳиндлар бу дарёда инсон учун илоҳий куч бор, деб ҳисоблайди.

Зарафшон дарёсининг гўзаллиги қадим ажамликларни доимо таажжубга солиб келган экан. Унинг атрофидаги гўзал водий VIII асрда бу ерларга бостириб келган арабларни ҳам лол қолдирган. Улар водийни «Оллоҳнинг боғи», «жаннатли жой» деб, уни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўм-кўк тўнига ўхшатганлар. Тарихчи Муҳаммад Наршахийнинг ёзишича, қадимги даврларда бу дарё Руди ва Мосаф номи билан ҳам юритилган.

Зарафшоннинг юқори қисми Масчо, Самарқанддан қуйи қисми — Дарё, Бухорода — Руди-Зар, Зар, Шохруд, Шаҳрируд ва қуйи қисми Қоракўлдарё деб номланган. «Шохруд» атамасини «Шохариқ» ёки «Бош ариқ» қабилида ҳам талқин қилиш мумкин.

Зарафшон қадимда ўзининг серсувлиги, ўзанини тез-тез ўзгартириб туриши билан аҳолини ваҳимага солиб келган. Шу туфайли одамларда бу қайсар дарёни бўйсундиришга куч-қувват ва имконият етмаган. Бундан ташқари, дарё бўйидаги қалин тўқайзорлар ва жангалзорлар ҳам ўта хавфли бўлиб, йўлбарслар, қоплон ва бўрилар кенг тарқалган ҳудуд эди. Асрлар оша одамлар Зарафшон дарёси атрофида деҳқончилик қилишган, боғ-роғлар, экинзорлар барпо этиб, яшай бошлаганлар. Ҳозирги вақтда Зарафшон дарёсидан ўнлаб каналларга сув олинади ва деҳқончилик учун асосий манба ҳисобланади.

Қадимий дарё ҳозирги кунда ҳам муҳим ўринга эга бўлиб, унинг сувидан мамлакатимизнинг Қашқадарё, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳамда Тожикистон республикасининг бир қисми баҳраманд бўлмоқда. Зарафшон дарёси аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжини таъминлаш билан бир қаторда, мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳалари учун ҳам зарурдир.

М. ИБРАГИМОВА,

Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори.