@Zarafshonbot'га мурожаат: «Оқтош»даги банкомат нега ишламайди?
Пайариқ туманидаги Оқтош маҳалласидаги дўконга банкомат ўрнатилди. Аҳоли бошида бундай «мурувват»дан жуда хурсанд бўлди. Афсуски, хурсандчилик узоққа чўзилмади.
"Банкомат ана ишлайди, мана ишлайди", деганига ҳам уч ой бўлди. Натижа эса йўқ. Сабаби, алоқа йўқ эмиш. Шу ҳам гапми? Тезкор интернет замонида яшаб, шуни важ қилиб кўрсатиш уят эмасми?
- Пластикка пул тушса ҳам бир бало, тушмаса ҳам...
- Эрталабдан буён сарсонмиз. Ана шу "матоҳ"ни ишлатиб қўйса бўлмайдими? Нима кераги бор унда банкоматнинг?..
- Агар менга 200 минг сўм керак бўлса, шунинг учун ҳам туман марказидаги банкка боришимиз керакми?..
Оқтош маҳалласида яшовчилар бекорга бундай тутоқиб гапираётгани йўқ. Маҳалла туман марказидан 15 километр олисда жойлашган. Аҳолиси 4600 дан зиёд. Демак, маҳалладаги банкоматни ишлатиш зарур.
Ҳайронман, нега бизда доим шундай? Тизимли бир ишни қойиллатмаймиз? Ҳурматли банк мутасаддилари "бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар", қабилида иш тутиш жонингизга тегмадими?
Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.