“ZIYO CUP—2025”: SIUTнинг “IRBIS” жамоаси халқаро мусобақада муносиб натижа қайд этди
Киберспортнинг оммалашуви ёшларнинг технологиялар билан ишлашини, стратегик фикрлашини ва жамоавий кўникмаларини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бу жараён тасодифий эмас: давлат даражасидаги эътибор, қонунчиликдаги ислоҳотлар ва олийгоҳлар фаолиятидаги янгиланишлар киберспорт ривожи учун мустаҳкам замин яратди.
Fidjital sport — жисмоний ҳаракат ва виртуал ўйин элементлари бирлашган замонавий мусобақа туридир. Ўзбекистон ушбу йўналишдаги Халқаро федерация билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган илк давлатлардан бири бўлгани бежиз эмас. Бу мамлакатимизнинг замонавий спорт шаклларига очиқ ёндашуви ва рақамли спорт бўйича стратегик мақсадларига мувофиқ келади.
Шу жиҳатдан Тошкент шаҳридаги “Cyber Arena”да бўлиб ўтган “ZIYO CUP—2025” халқаро мусобақаси талабалар орасидаги киберспорт рақобатининг энг йирик майдонига айланди. Мусобақада 68 та олийгоҳнинг 200 нафардан ортиқ иштирокчиси ўзаро беллашди.
Мукофот жамғармаси 18 миллион сўм бўлган беллашувларда жамоалар тезкор реакция, стратегик фикрлаш, жамоавий ҳаракат ва психологик бардошга таянган ҳолда рақобатлашди.
Мазкур мусобақада вилоятимиздан Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)нинг “IRBIS” жамоаси иштирок этди. Жамоа Counter-Strike 2 бўйича 4-ўрин, Dota 2 йўналишида 3-ўринни қўлга киритди.
Тадбир якунида иштирокчиларга диплом, медаль ва совринлар топширилди.