Ибратли воқеа: ​​"Дада, зўр иш қилдик-а!"

Бир куни машинамда 6 ёшли ўғлим билан кетаётиб, йўлда кўп қаватли уй яқинидаги пайнетга пул тўлаш учун тушдим. Қайтиб келсам, ўғлим йиғлаб ўтирибди.

"Нима гап?", десам, "Дада, анавини қаранг" деди. Қарасам, йўл четида кийимлари эски бир кампир тахта устига нарса қўйиб сотиб ўтирибди. 

“Нарсаларнинг сонини қаранг, 2-3 та нос пакети, 2 пачка донали сигарет. Бошқа ҳеч нарса йўқ”. 

"Хўш, нима қилибди?", десам, ўғлим "Ўғли йўқми момонинг? Нега бу аҳволда, қорни очдир? Дада, илтимос, мана шу пулларнинг ҳаммасини шу аёлга берайлик", деб машинам баридаги бир сиқим пулимни кўрсатди.

Ниҳоятда таъсирланиб, боламнинг айтганини қилиб, пулларнинг ҳаммасини ўша аёлга олиб бориб, бердим. 

Аёл ҳанг-манг бўлиб қолди. 

"Нима учун?", деган саволига мен кулиб, "Шу пулни сизга илинган инсонни дуо қилсангиз кифоя", дедим. 

Аёл йиғлаб юборди. "Илоҳим, ўша одамнинг умрига барака берсин, бахтли бўлсин, Аллоҳ мукофотласин", дея дуо қилаётганида менинг қай аҳволга тушганимни тасаввур қилаверинг. Ичим жимирлаб кетди. 

Машинага қайтиб, йўлга тушдик. Ўғлим "Дада, зўр иш қилдик-а", деса, мен жавоб беролмай, бошимни силкитиб қўйдим. Чунки кўзларимда ёш, бўғзимга нимадир тиқилган, ичимда эса "Шундай фарзанд берган Аллоҳга беадад шукр", деб айтаётган эдим.

Манба.