Ибратли ҳикоя: ​​Кенжа ўғил сабоғи

Бир қишлоқда ёш йигит тижорат ишини бошлади. У икки кўчанинг чорраҳасида савдо қилишга киришди.

Савдогар йигит оқкўнгил, меҳрибон эди. Шунинг учун ҳамма уни яхши кўрар, рўзғорга зарур нарсаларни унинг дўконидан олиб, танишларига ҳам тавсия қилишарди. Натижада бу йигит бир йил ичида мамлакатнинг бир томонидан иккинчи томонига етадиган, халқларни бир-бирига жипслайдиган занжир ҳосил қилганди. Орадан кўп йил ўтди...

Кунлардан бир куни у киши хасталаниб, шифохонага ётқизилди. Шифокорлар уни текшириб, кўп яшамаслигини айтишди.

Шунда у ёнига уч ўғлини чақириб, шундай топшириқ берди:

“Мен бир неча йиллар тер тўкиб, яратган фирмамга оранглардаги биттанг бошлиқ бўласизлар. Лекин, қайсингиз энг лойиқ эканингизни билиш мақсадида ҳар бирингизга бир доллардан пул бераман. Ушбу бир долларга хоҳлаган нарсангларни олишинглар мумкин. Лекин, бир шартим: бугун кечга бу ерга келганингларда, олган нарсанглар мана шу хонани бошдан-оёқ тўлдириб туриши керак!”

Учала ўғил ҳам нуфузли фирмага эга бўлиш илинжида ҳаяжонлана бошлади. Ниҳоят, учаласи ҳам шаҳарга бориб, пулларини ишлатишди. Кечга қайтганларида оталари сўради:

“Қани, тўнғич ўғлим, пулингга нима олдинг?”

Ўғли жавоб берди:

“Дўстимнинг даласига бордим. Пулимни унга бериб, икки қоп сомон олдим”.

Кейин чиқиб, сомонларни олиб кирди-да, хонага соча бошлади...

Хона бир онда учиб юрган сомонга тўлди. Лекин, кўп вақт ўтмасдан ҳалиги сомонлар ерга тушди. Яъни, ота айтгандай: хонани бошдан-оёқ тўлдиролмади.

У киши иккинчи ўғлига юзланди: “Ўғлим, сен пулингни нима қилдинг?”

“Мен бир кўрпа-ёстиқ тикадиган одамни уйига бордим. Икки дона ёстиқ сотиб олдим”, деди иккинчи ўғил. Ва, хонага иккита ёстиқ опкелиб, ичидан парларни (патларни) чиқариб, ер билан битта қилиб хонага соча бошлади. Ҳаммаёқ пат билан тўлса-да, дарров ерга тушиб, яна хонани тўлдиролмади...

Шунда ота учинчи ўғлидан сўради: “Сен пулингни нима қилдинг?”

Учинчи ўғил бундай деб жавоб берди:

“Сиз берган ўша бир долларни олиб, бир дўконга бордим-да, майдалатиб олдим. 50 центини муқаддас жойга садақа қилдим. 20 центини шаҳримиздаги иккита ёрдам ташкилотига бердим. Яна 20 центини заифларга тарқатдим. Шундай қилиб, 10 центим қолди. Унга эса иккита нарса олдим”.

Бола қўлини чўнтагига солиб, бир гугурт қутиси ва битта шам чиқарди.

Хонанинг чироғини ўчириб, шамни ёққан эди: хона шам ёруғи билан тўлди!

Хона сомон ёки патлар билан эмас, бошидан-охиригача “нур билан, ёруғ билан” тўлган эди!

Ота бениҳоя хурсанд эди:

“Жудаям яхши, ўғлим!

Фирманинг бошлиғи – сен бўласан. Чунки, сен – ҳаётдаги энг муҳим нарсани биласан, яъни ўз ёруғингни сочишни! Бу – жудаям муҳим...”

Манба