Ибратли воқеа: Осон бузилган анъана

Икром амаки шу йили элга ош бериб ўғил уйлади, тўй қилди. Қизларидан-ку, кўнгли тўқ: икки-уч йил олдин ўзларидан тинишган.

Шунисига ҳам шукур қилади.

Аёли билан энди фарзандлари роҳатини кўраман, деб турганда бошига мусибат тушди: аёлини бериб қўйди...

Нима қилсин - бандалик... Аёли ҳам саодатли хотин экан шу йил рамазон кириши билан қазо қилди.

...Яқинда ўғли маҳалла гузари ёнида Икром акани дазмолланмаган кўйлакда кўриб қолди. Эсини таниганидан бери отасини дазмолсиз кийимда кўрмагани учунми, негадир бу ўғилга эриш туйилди.

Ўғил хуноб бўлиб уйга келди. У чойга ўтирган вақтда гап орасида келиндан сўради:

- Дадамни гузар ёнида кўрдим.

- Ҳа, иш билан кетяпман, деб чиқиб кетдилар.

- Кийимлари дазмолсиз...

- Ҳалиги, дазмол ўлгур ишламай қолибди, шунга...

- Онам раҳматлининг ўттиз йилдан бери бирор марта бузилмаган дазмоли сенга келиб ишламай қолибди-да.

Келин мум тишлади...

Ғанишер ҲАҚНАЗАРОВ.