1 мартдан АИ-80 русумли автобензин 6800 сўмдан сотилади

Аи-80 русумли автобензин нархи кескин ошишининг олдини олиш бўйича белгиланган “нол” ставкадаги акциз солиғининг муддати 1 мартга қадар амал қилади.

13 декабрдан бошлаб АИ-80 бензинига акциз солиғини бекор қилиш натижасида ўртача 6800—7500 сўмдан 5700—6000 сўмгача ёки ўртача 1100 сўмга арзонлаштирилган эди.

“Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати берган маълумотга кўра, 2023 йил 1 мартда юқоридаги тартибларнинг амал қилиш муддати (имтиёзли давр) якунлангандан кейин акциз солиғи ҳисобланиши ва биржада нархларнинг эркин (ўсиш даражаси чекланмасдан) шаклланиши ҳисобига АИ-80 русумли автобензин нархи ошиши кутилмоқда.

Нархлар ўзгариши ҳисобига “Ўзбекнефтгаз” тасарруфидаги АЁҚШларда 1 литр Аи-80 русумли автобензиннинг чакана нархи маҳаллий маҳсулот учун 6800 сўмдан, импорт маҳсулоти учун 7000 сўмдан шаклланади.