104-мавсум "Машраб" билан бошланди
Дастлаб театр жамоаси саҳналаштирган концерт дастури томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
- Ўтган мавсумда театр жамоаси кўплаб ютуқларга эришди, - дейди театр директори Камолиддин Қоржовов. - Туркия ва Қозоғистон театрларида спектаклларимиз минглаб томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Ўтган йилги мавсумда жамоамиз билан тўртта спектаклни саҳналаштирдик. Яқин кунларда Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишлаб "Соҳил бўйлаб чопаётган олапар" қиссаси асосида саҳналаштирилган спектаклимизни томошабинлар ҳукмига ҳавола этамиз.
Театрнинг 104-мавсуми Бобораҳим Машраб ҳаётига бағишланган "Машраб" спектакли билан очилди.
***
Шунингдек, театрда машҳур турк ёзувчиси Тунжар Жўжанўғли ижодига мансуб "Бўёқчи" комедияси асосида саҳналаштирилган спектакль жамоатчилик кўригига тақдим қилинди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мунаввара Абдуллаева томонидан саҳналаштирилган спектакль жамоатчилик вакиллари ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Халқимизда "Эр-хотин - қўш ҳўкиз", деган нақл бор. Тунжар Жўжанўғлининг "Буёқчи" асарида ҳам эр-хотин оиладаги муаммоларни ўзаро келишиб, ҳамжиҳатликда бартараф этади. Буни қарангки, тақдир ҳам уларга ёрдам беради.
40 ёшли шифокор Аҳмедбейнинг уйини таъмирлаш эвазига ўзининг ижара муаммосини ҳал қилмоқчи бўлган буёқчи Қодирга тақдир кулиб боқди. У хотини Гулхоним билан бирга Аҳмедбейнинг уйида беморларга ёрдам кўрсатиб, бир йиллик ижара учун тўланиши лозим бўлган пулни ишлаб олади. Асосийси, оила аъзолари ўзаро ҳамжиҳатликда муаммоларни бартараф этади.
Танланган актёрлар жамоаси ҳам ҳар бир ролни маҳорат билан ижро этган.
- Театр жамоаси билан илк бор ишлашим, - дейди Мунаввара Абдуллаева. - Ижодий жамоага кўз тегмасин, иноқлик ва юқори кайфият билан театрнинг тошини ялаб, сувини симириб, бирга меҳнат қилдик. Бадиий кенгаш томонидан кучли актёрлар жамоаси танлаб олинган. Улар билан ишлашга қийналмадим.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.