11 апрель - Халқаро «Фашистик концлагерь асирларини озод қилиш» куни
Ушбу санани хотирлаш 1945 йил 11 апрелда содир бўлган "Бухенвалд" концлагери асирларининг интернационал қўзғолони хотирасига бағишлаб жорий этилган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида Германияда концлагер (сиёсий, ижтимоий, ирқий, диний ва бошқа сабабларга кўра қамоққа олинган одамларни оммавий сақлаш жойи)лар кенг тарқалган. Уларда асосан антифашист, биринчи навбатда, коммунист, социал-демократлар, касаба уюшмалари аъзолари, шунингдек, ирқий, диний, ижтимоий ва бошқа сабабларга кўра таъқиб қилинган шахслар сақланарди.
Германиядаги биринчи концлагерь Дахау яқинида 1933 йил март ойида ташкил этилган. Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан аввал Германия қамоқхона ва концлагерларида 300 минг немис, австриялик ва чехиялик антифашистлар бўлган. Кейинги йилларда фашистлар Германияси ўзи босиб олган Европа мамлакатлари ҳудудида улкан концлагерлар тармоғини яратган, улар миллионлаб одамларни оммавий ўлдириш жойларига айланган.
Ўн, юз минглаб маҳбуслар сақланган ва ҳалок бўлган концлагерларга қуйидагилар киради: Освенцим - 4 миллион, Майданек - 1,38 миллион, Маутхаузен - 122 минг, Заксенхаузен - 100 минг, Равенсбрюк - 92,7 минг, Треблинка - 80 минг, Штуттоф - 80 минг маҳбус сақланган. Ушбу лагерларда 14 ёшгача бўлган болалар сони 12-15 фоизни ташкил этган.
Собиқ СССР ҳудудидаги концлагерларда ҳам ўн минглаб одам қурбон бўлган.
18 миллион маҳбуснинг 11 миллиони 14 000 та ўлим пунктлари - лагерлар, қамоқхона, геттоларда йўқ қилинган. Биргина Освенцим концлагерида одамларни йўқ қилиш қуввати кунига 30 000 кишигача бўлган. Иккинчи жаҳон урушидаги умумий йўқотишларнинг 20 фоизи болалардир.
Лагерда маҳбуслар қийноққа солинган, улар устидан тиббий тажрибалар ўтказилган, очликдан ўлдирилган, йирик саноат фирмалари эгалари томонидан эксплуатация қилинган. Фақатгина Бухенвалдда 56 000 дан ортиқ 18 хил миллат одамлари ҳалок бўлган.
Лагерда фашизмга қарши қаршилик гуруҳлари фаолият юритган. 1945 йил 11 апрелда Бухенвалд асирлари иттифоқчи қўшинлар яқинлашаётганини билиб, қўзғолон кўтаришган. 200 га яқин соқчилар асирга олиниб, қуролсизлантирилган ва лагерь қўзғонлончи-маҳбуслар қўлига ўтган. 12 апрель куни Америка қўшинлари лагерга киришган.
Гитлернинг мағлубияти билан Германиядаги концлагерлар тизими тугатилган. Нюрнбергдаги Халқаро ҳарбий трибуналда инсониятга қарши жиноий ишлар кўриб чиқилган.
1988 йил 22 июнда «Фашизмнинг вояга етмаган собиқ асирлари халқаро иттифоқи» тузилди. Фашистларнинг инсоният устидан қилган даҳшатли жиноятлари ҳозирги кунгача ўрганилмоқда.
Бутун дунёда "фашистлар концлагер асирларини озод қилиш халқаро куни" хотира тадбирлари, ҳалок бўлганларни хотирлаш, фашизм қурбонлари қабр ва дафн этилган жойларига гуллар қўйиш билан нишонланади.
Г.Холдорова тайёрлади.