1907 йилги ер силкиниши Самарқанд обидаларига қандай таъсир кўрсатган?

1907 йил 8 октябрда юз берган ер силкиниши Самарқанд обидалари учун ҳақиқий синов бўлди. Шу куни икки марта ярим соат фарқ билан тебранишли, силлиқ, лекин анчайин кучли (Росси-Форел шкаласи бўйича 8 баллгача) 2 марта зилзила бўлиб, Самарқанддаги қадимий ёдгорликларга салмоқли шикаст етказди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори ўзининг 1907 йилдаги 19794-сонли хатида Россия императори археология комиссиясига маълум қилади.
Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторининг 1907 йил 11 октябрдаги №616-сонли қарорига мувофиқ ер силкинишининг ёдгорликларга етказган зарарини аниқлаш бўйича комиссия тузилиб, ёдгорликлар кўздан кечирилади. Текширувлар натижасида қуйидагилар аниқланади:
- Регистон ансамблидаги Улуғбек мадрасаси бош фронтонида иккита катта ёриқ ҳосил бўлган. Миноралар ўзининг энгашган ҳолатини йўқотмаган.
- Шердор мадрасаси 1872 йилда таъмирланган жанубий гумбазда бузилиш юз берганидан ёриқ ҳосил бўлган ва ички гумбаз равоғига тушган. Бунинг оқибатида бир неча ёриқлар ҳосил бўлган, ички равоқнинг ўзи бутун қолган. Ички равоқ гумбазида юқори қисмида ғишт ва сувоқлар тўкилган. Бош фронтоннинг орқа қисмида 8 та гумбазсимон қопламалардан 2 та четдагиси (ҳар томондан биттадан) қулаган, уларга туташганлари кўплаб ёриқлар ҳосил қилган. Эшик томондаги жанубий равоқ чортоғида ва масжид деворларида катта ёриқлар пайдо бўлган.
- Тиллакори мадрасасида бурчак миноралари юқори қисмида баъзи жойларининг кошин қопламалари тушиб кетган, шунингдек, уларнинг юқори қисми вайрон бўлган. Гумбаз барабанининг асоси ва шарқий равоқнинг ички томони жанубий устуни билан баъзи жойларда қопламалар тушиб кетган. Барча эски ёриқлар бир қадар кенгайган ва узайган.
Ўша вақтда вайрона ҳолидаги Амир Темур (Бибихоним) жомеъ масжидининг ички қисми гумбазининг жанубий қисми барабанигача ва барабаннинг бир қисми, ғиштлар ва кошинлардан иборат уюм ҳосил қилган. Гумбазнинг шимолий томони эса катта ва кенг иккита ёриқ ҳосил қилган. Бунда ғишт тахламасининг понасимон катта бир бўлаги полга тушган. Масжид девори шимолий ва жанубий томони билан, барабан асосидан пастгача, баъзи жойлари кўчган ва кошинлар тўкилган. Бундан ташқари, жанубий олтиқиррали устуннинг юқори қисми ва олтиқиррали устун ва равоқ орасидаги устун шаклидаги бурчак бўртиги қисман вайрон бўлган.
Шунингдек, зилзила оқибатида Шоҳи Зинда ансамблидаги Ширинбека оқо мақбарасининг ташқи гумбази зарар кўрган, Туркон оға мақбарасининг йўлак томондаги барабан ости бурчаги сезиларли силжиган ва фасаднинг шимоли-шарқий бурчаги уст қисми оғган бўлса, Қусам ибн Аббос мақбараси ёнидаги катта масжидда шифт ва деворларида ер силкиниши оқибатида бир неча чуқур ёриқлар ҳосил бўлган.
Бибихоним мақбараси, Руҳобод масжиди, Хўжа Абду Дарун хонақоси, Нодир Девонбеги мадрасаси фасади ва бошқа барча ёдгорликлар эски ёриқларнинг кенгайиши, баъзи жойларида сувоқларининг кўчиб тушиши кўринишида зарар кўрган.
Комиссия хулосасига кўра, қадимий ёдгорликлардаги ер силкинишидан кейин пайдо бўлган зарарланишлар кўздан кечирилиб, уларда кейинги емирилишларнинг олдини олиш учун баъзи чораларни кўришга қарор қилинган.
Жумладан, Улуғбек мадрасасида пайдо бўлган иккита янги ёриқни майда эскилари билан бирга бартараф этиш, Шердор мадрасаси гумбазидаги ямоқда янгидан ҳосил бўлган бузилишни тиклаш, шу билан бирга бу ва бошқа гумбазлардаги барча ёриқларни ямаш, ички гумбазларни қулаган ғиштлардан тозалаш, ямаш ва гумбазларни пасти ва тепасидаги ёриқларни суваш, Тиллакори мадрасаси бурчак минораларининг вайрон бўлган юқори қисмини тиклаш, кўчган сувоқ ва қопламаларни олиб ташлаб ушбу жойларни янгидан суваш, Амир Темур (Бибихоним) жомеъ масжидидан ғишт ва қопламалардан иборат барча чиқиндиларни олиб ташлаш, кўчган қопламаларни кўриб чиқиш, Шоҳи Зинда ансамблидаги Ширинбека оқо мақбараси гумбазида пайдо бўлган иккита ёриқ орасидаги зарарланган жойларни янгидан ямаш, ички гумбазни қулаган ғишт ва чиқиндилардан тозалаш, Амир Темур, Бибихоним ва Руҳобод мақбаралари ва бошқа масжидларда ҳам таъмирлаш ишларини олиб бориш белгиланган.
Ушбу жараёнга оид кейинги ҳужжатлардан маълум бўладики, ер силкиниши оқибатида зарар кўрган Самарқанд обидаларининг айримларигина таъмирланади. Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторининг буйруғи билан қадимий ёдгорликлар кузатувчиси В.Вяткин раислигида, вилоят архитектори Лебедев, шаҳар архитектори Нелле, Самарқанд шаҳридан иккита қози, иккита депутат, тегишли равишда обидалар мутаваллиси ва мадраса мударриси иштирокида комиссия ташкил этилади.
Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори ўз ихтиёридаги бўлган 1079 сўм маблағини Шердор, Тиллакори ва Шоҳи Зинда ансамблидаги мақбараларни таъмирлаш учун ажратилди. Бундан ташқари, ушбу обидаларнинг мутаваллилари вақф маблағларидан 650 рубль ажратишади. Ушбу маблағларга юқоридаги комиссия назоратида таъмирлаш ишларига 1907 йилнинг охирадаёқ киришилади. Бунда албатта, кечиктириб бўлмас даражадаги таъмирлаш ишлари бажарилиб, қолганларини кейинги йил баҳорда бажаришга келишилади.
Ушбу таъмир ишларидан кейин зарарланган обидалар бошқа таъмирланмади. Император археология комиссиясининг 1911 йил 4 мартдаги №417-сонли ҳарбий министрлик бош штаби Осиё қисмига йўллаган мактубидан “бундан 3 йил олдин ер силкиниши оқибатида гумбаз ва барабанида ёриқлар ҳосил бўлган Амир Темур мақбараси”ни сақлаб қолиш учун баъзи тадбирларни амалга ошириш сўралган. Хусусан, мақбара гумбази барабанининг темир ҳалқа ёрдамида қисиш, гумбаздаги ёриқларни ямаш ёки тартибга келтириш ва ҳоказо. Ушбу тадбирлар учун ҳеч бўлмаганда 10 минг рубль сўралади.
Сўралган маблағ ажратилмаганлигини комиссиясининг император саройи министрлиги канцеляриясига ёзган 1912 йил 25 июлдаги №1621-сонли мактубидан тушуниш мумкин. Унда Туркистондаги барча ёдгорликлар учун жуда катта маблағ керак бўлишини инобатга олиб, ҳеч бўлмаганда уларнинг энг муҳимлари - Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ансамбли, шаҳардан ташқаридаги масжидлар, Регистон ансамбли мадрасалари, Туркистондаги Аҳмад Яссавий масжиди, Марвдаги XII асрга тегишли Султон Санжар мақбараларини таъмирлаш учун ҳар йили 10 минг рубль ажратилиши сўралган. Зарурий маблағ ажратилмагач, 1912 йилда император археология комиссияси томонидан Россия империясидаги қадимий ёдгорликларни қўриқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси III давлат думасига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Унга кўра, қадимий ёдгорликларни қўриқлаш қўмитаси тузилиши кўзда тутилади. Бироз вақтдан сўнг I жаҳон урушининг бошланиши билан юзага келган Россиядаги иқтисодий танглик, 1917 йилдаги давлат тўнтаришларининг юз бериши билан меъморий ёдгорликларнинг таъмири масаласи ҳал этилмай қолиб кетди.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.