Токио метросида Самарқанд ва Бухородаги тарихий бинолар тасвири акс эттирилган реклама баннерлари ўрнатилди
Токио метрополитени - йўловчи ташиш ва бекатлар сони бўйича дунёдаги энг йирик метрополитенлардан бири ҳисобланади. Унинг 50 та линияси ва 285 та бекати бор. Токио метрополитени эрталаб соат 05:00 дан тунги 01.00 гача ишлайди.
Метрополитеннинг йўловчи ўтказиш салоҳияти юқорилиги учун бу ерда реклама жойлаштириш жуда яхши эффект беради ва бу ерда дунёнинг кўплаб компаниялари ўз рекламасини жойлаштиришга ҳаракат қилади.
Ана шу туфайли Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ва Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда 25 апрелдан Токио метрополитенининг 3 бекатида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини реклама қилиш бўйича келишувга эришилди ва бекатларда японияликларни Ўзбекистонга саёҳат қилишга чақирадиган плакатлар ўрнатилди ва экранларда кўрсатилмоқда.
Реклама баннерлари уч хил, 122X176 см қилиб, Самарқанд ва Бухородаги тарихий бинолар тасвири акс эттирилиб тайёрланган ва метронинг энг одам кўп ҳаракатланадиган «Shinjuku», «Otemachi» ва «Ikebukuro» бекатларига ўрнатилди.
Ушбу метро бекатларидан «Shinjuku»да бир кунда 3,5 млн. киши, «Otemachi» бекатида. 3,2 млн. киши ва «Ikebukuro» бекатида 2,7 млн. киши ҳаракатланади. Бу бекатларда илинган реклама плакатларидаги "Буюк ипак йўли юраги бўлмиш Ўзбекистонга хуш келибсиз" деган ёзувнинг ўзиёқ кўпчилик йўловчиларнинг эътиборини тортмоқда.
Японияда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти анча йиллардан бери турли воситалар билан тарғиб қилинади. Шу туфайли ҳам кунчиқар юртдан юртимизга келаётган сайёҳлар оқими йилдан йил сезиларли кўпаймоқда. Агар 2017 йилда мамлакатимизга Япониядан 11 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2018 йилда кунчиқар юртдан 17 минг сайёҳ ташриф буюрди. Бу йил эса бу рақам янада ортиши кутилмоқда.
Бунга Токио метрополитенида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг реклама қилиниши самарали ҳисса қўшади.