1960-70-йилларнинг энг машҳур “оқдарёлик мухбир”и ким эди?

- Эс-эс биламан, Иккинчи жаҳон урушидан кейин онам вафот этгач, оиламизнинг асосий юки 12 ёшли Мамараҳим акамнинг зиммасига тушган. Унинг журналистика соҳасига қизиқиши баландлиги боис ўқувчилик давридаёқ туман ва вилоят газеталари саҳифаларида ўз хабар ҳамда лавҳалари билан иштирок эта бошлади ва “Оқдарёлик мухбир” сифатида кўпчиликка танилди.

Бу таниқли журналист Мамараҳим Мардиевни хотирлаган унинг укаси Мамадали бобонинг гаплари. 1934 йилда Оқдарё туманининг Учтепа қишлоғида туғилган Мамараҳим Мардиев ўрта мактабни битиргач, меҳнат фаолиятини Самарқанд вилояти “Зарафшон” газетасида мусаҳҳиҳ сифатида бошлайди ва бу ерда газетачиликнинг мураккаб сир-асрорларини ўрганган, қалами чархланиб, маҳорати ошган.

Бу унинг  Самарқанд туманидаги “Шарқ тонги” газетасида адабий ходим, Жиззах вилоятининг Зомин туманининг “Зомин тонги” ва Нурота тумани “Илғор чорвадор” газеталарида масъул котиб, Иштихон тумани “Колхоз ҳаёти” газетасида муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлаганда қўл келди.

1965-1967 йилларда М.Мардиев  вилоят радиоэшиттириш комитети ўзбек тилидаги эшиттиришлар муҳарририятида муҳаррирлик қилди. Шу даврда ишдан ажралмаган ҳолда Самарқанд давлат университетининг филология факультетига сиртдан ўқишга кирди. Унинг саъй-ҳаракати билан вилоят радиосининг  эшиттиришлари мазмун-мундаражаси бойитилиб, унинг географиясини кенгайтиритирилди. Янги лойиҳалар асосида эшиттиришлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ёш муҳаррир  кўпминг сонли радиотингловчиларга манзур бўладиган кўнгилочар эшиттиришлар тайёрлаш билан бирга вилоят ижтимоий-иқтисодий, маданий, маърифий ҳаётида рўй бераётган кундалик муҳим хабар ва янгиликларни радиоэшитувчи мухлисларга  тезкор етказиш масалаларига жиддий эътибор қаратди.

Мамараҳим ака шундан кейин бир муддат “Зарафшон”  газетасида масъул котиб вазифасида ишлади ва газетанинг техник безатилиши, жанрларнинг ранг-баранглигини таъминлаш, хабар, мақола, лавҳа ва очеркларнинг таъсирчанлигини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратди. Шунингдек, бу даврда газетанинг ўзига хос қаноти ҳисобланган жамоатчи мухбирлар фаолияти жонланди.

- Вилоят “Зарафшон” газетасининг ўтган асрнинг 70-йиллари охири ва 80-йиллари бошидаги сонларини варақласангиз, Мамараҳим Мардиевнинг қишлоқ хўжалиги ва экологиянинг долзарб масалаларига оид кўплаб очеркларига кўзингиз тушади, - дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Акрам  Ҳайдаров. - Шулардан бирида  Пайариқ туманидаги “Пайариқ” давлат хўжалигининг ўша даврдаги директори Даврон Насруллаевнинг республикамиз хўжаликлари ичида биринчи бўлиб, бутифосдан воз кечиб, биологик методни амалиётга жорий этиши ва яхши натижаларга эришаётганлиги айтилган. Ўша даврда бутифос туфайли кўплаб қишлоқ аҳолиси гепатит, сариқ касалга чалиниб, саломатлигини йўқотаётган палла эди. 

1968 йилнинг 25 декабрида “Оқдарё овози” газетаси қайта тикланиб,  мазкур кундалик матбуот нашрига Мамараҳим Мардиев  бош муҳаррир этиб тайинланади.

- Менинг илк хабар ва мақолаларим ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим туман газетаси саҳифаларида чоп этилган, - дея эслайди “Оқдарё овози” газетаси бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев. - Мактабни битиргач, туман газетасининг ўша даврдаги муҳаррири Мамараҳим Мардиев мени таҳририятга мусаҳҳиҳликка ишга қабул қилган ва у киши мен каби оқдарёлик ижодкор ёшларга устозлик қилган.

Устоз журналист моҳир муҳаррир бўлиш билан бирга жойларнинг номланиш тарихи ва халқимиз миллий қадриятларини  акс эттирувчи бир қанча очерк, монография ҳамда асарлар яратди. Жумладан, 1977 йилда бу Оқдарё туманидаги собиқ Карл Маркс номли, 1981 йилда “Гулистон”, 1965 йилда эса мазкур тумандаги собиқ “Партия XXII съезди” жамоа хўжаликларининг фаолиятига оид  библиографик асар  ёзди.

- Мамараҳим Мардиев “Шахмат гроссмейстри”  номи билан ҳам машҳур эди, - дея хотирлайди “Зарафшон” газетаси мухбири Дилмурод Тўхтаев. -Ўткир қалам соҳибининг саъй-ҳаракати билан “Нуронийлар чойхонаси”да ташкил этилган шахмат тўгараги аъзолари ичидан спортнинг ушбу тури бўйича вилоят чемпионлари етишиб чиқди. Мен ҳам ёшлигимда Мамараҳим Мардиевнинг Оқдарё туманида шахмат бўйича яратган  маҳорат мактабининг  фаол аъзоларида бири эдим.

Журналист ҳаётни билмаса, ўз халқи турмуши, дарду қувончларидан бехабар  бўлса, у ёзган мақола ёки лавҳа юзаки ва таъсирсиз бўлади. Мамараҳим Мардиев ижодий ишида бу ҳолат ёт эди. У доимо ҳаёт билан ҳамнафас бўлишга, даврнинг долзарб муаммоли масалаларини ўз чиқишларида акс эттиришга интилар эди. У мухбир ва муҳаррир  сифатида, қолаверса, шу юртнинг оддий фарзанди сифатида “Эл-юртнинг корига ярашни ўзига доимо шараф” деб билар эди.

Мамараҳим Мардиев 1987 йилнинг 30 апрелида, ижоди айни барқ уриб гуллаган пайтида, 53 ёшида вафот этди. Аммо ватан равнақи, элу юрт манфаати учун қилинган эзгу ва хайрли ишлар унутилмайди. Оқдарёлик журналист ва муҳаррир, марҳум  Мамараҳим Мардиевнинг  ибратли ҳаёти ҳамда самарали меҳнат фаолияти ҳам бунга яққол мисолдир.

Абдурасул АШУРОВ.