2019-2020 йилларда Самарқанд шаҳрида сув таъминоти ва канализация тизими тубдан ривожланади

Вилоятимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида жойларда ичимлик суви тармоқлари тортилаётган бўлса-да, талабни қондириш осон эмас. Тўғри, ўтган йили вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси шаҳар ва туман филиаллари томонидан 28,8 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортилди, 70 километрда оқова сув тармоғи таъмирланди. Бунинг эвазига йил бошида аҳолининг тоза ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 65,8 фоизга етди.

Жорий йил 1 чорак давомида 350 минг аҳоли оқова сув тармоғига уланди. Ҳозирда Самарқанд шаҳри (60,7 фоиз), Каттақўрғон шаҳри (30,3 фоиз) ҳамда Булунғур туманида (1,1 фоиз) аҳолига оқова хизматлари кўрсатилмоқда. Лекин ичимлик ва оқова сув тармоқлари таъмирлангандан кейин ҳам ундан кўп вақт фойдаланиб бўлмаяпти. Чунки ўтган асрда қурилган тармоқлар аллақачон эскириб, хизмат муддатини ўтаб бўлган. Жойларда тез-тез ичимлик сув қувурлари ёрилиб, оби ҳаётнинг бесамар оқиб ётиш ҳолатлари содир бўлаётганининг асосий сабаби шу. Бунга баҳоли қудрат барҳам бериш мақсадида 2022 йилда Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Саммити ўтиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 майдаги «Самарқанд шаҳрида 2019-2022 йилларда амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Самарқанд шаҳрида сўнгги икки йилда ичимлик суви ва оқова сув тармоғини яхшилаш борасидаги режалари белгиланди. 

Унга асосан 2019-2020 йилларда  сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш жамғармасининг 2,6 миллиард сўм маблағи ҳисобидан Самарқанд шаҳридаги "Samarkand city" туристик зонаси ҳудудидан ўтувчи 0,9 километр канализация тармоғи кўчирилади. 18,9 миллиард сўм сарфланиб, Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Амир Темур кўчалари кесишмасидан Самарқанд халқаро аэропортигача 6 километр масофада ичимлик сув тармоғи,  Самарқанд халқаро аэропортидан Даҳбед кўчасигача 7,7 километр канализация тармоғи тортилади. Бунинг учун 11,2 миллиард сўм маблағ сарфланади. Лоҳутий кўчасидан Рўдакий кўчаси бўйлаб 1,2 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 0,8 километрга канализация тармоғи тортилади. Шунингдек, Хўжа Аҳрор Валий мажмуасидан Гулобод кўчаси орқали Термиз кўчасигача 6,2 километр масофага канализация  ва ичимлик суви тармоғи тортилади. Бунинг учун сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш жамғармасининг 10,7 миллиард сўм маблағи сарфланади.