Самарқанд шаҳридаги 5 объектда лойиҳавий қиймати 22,2 километр ичимлик ва оқава сув тизимлари янгиланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 июлдаги Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириғига асосан “Самарқанд сити” туристик зонаси ҳудудидан ўтувчи канализация тармоғини кўчириш, Рўдакий кўчаси бўйлаб, Гагарин кўчасидан Чуқурйўл кўчасигача ичимлик суви тармоғини қуриш ва молиялаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, молия вазирлигига тақдим этилди.
Унга кўра, 5 та объектда лойиҳавий қуввати 22,2 километр ичимлик ва оқава сувлар тизимлари янгиланиб, қайта таъмирланади. Ҳозирда Бўстонсарой ва Амир Темур кўчалари кесишмасидан Самарқанд халқаро аэропортигача бўлган ичимлик суви тармоғини қуриш ишлари бошланди. Яъни, 1900 метр ичимлик суви тармоқлари ётқизилиб, материаллар захираси яратилмоқда.
Шунингдек, Самарқанд халқаро аэропортидан Даҳбет кўчасигача бўлган канализация тармоғини тортиш ишлари доирасида 1100 метр оқава сув қувурлари ётқизилди. Лоҳутий кўчасидан Рўдакий кўчаси бўйлаб 670 метр оқава сувларни иккиламчи кўтариб бериш насос станцияси ўрнатилиб, “Хўжа Аҳрори Вали” мажмуасидан Гулобод кўчаси орқали Термиз кўчасигача канализация ва ичимлик сув тармоқларини тортиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 1000 метр оқава сув қувурлари, 260 метр ичимлик суви қувурлари ётқизилиб, 1200 метр қувурни пайвандлаш ишлари давом этмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар одамларнинг оғирини енгил қилиш, керакли шарт-шароитларни яратиш, муҳими, халқнинг розилигини олишдан иборат эканлигини таъкидламоқчимиз.
Комил ЮСУПОВ,
Самарқанд вилояти “Сувоқава” ДУК раҳбари.