Самарқандда сув таъминоти ва канализация бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг илк босқичи бошланди
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Осиё тараққиёт банкининг маслаҳат миссияси ҳамда «FCG International Ltd.» халқаро экспертлар консорциуми, «Grant Tornton»нинг техник ва молиявий маслаҳатчилари, шунингдек «Allen & Overy» ва «Kosta Legal»нинг юридик маслаҳатчилари Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ва канализация соҳасида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги лойиҳасининг техник-иқтисодий тадқиқотларини тайёрлаш бўйича биринчи босқич ишларни бошлади. Мазкур босқич 2020 йилнинг биринчи чорагида якунланади.
Ушбу шаҳарларда сув таъминоти ва сув чиқариш лойиҳаларини тайёрлаш ва тузишда Осиё тараққиёт банки ҳукуматга маслаҳатчи этиб тайинланган. Осиё тараққиёт банки 2020 йилда Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга кўмаклашади.
Мазкур лойиҳада маслаҳат хизматларини кўрсатиш учун 2019 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти инфратузилмасини тиклаш, улардан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни назарда тутувчи «Ўзбекистон шаҳар сувоқава тизимини яхшилаш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича» меморандум имзоланган.
Маслаҳат хизматлари: давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва харидларни тайёрлашни ўз ичига олади. Осиё тараққиёт банки ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 2,6 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратди.
Миссия доимий равишда Ўзбекистонда иш олиб боради. Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, ҳокимликлар, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича 6-8 ой учун мўлжалланган тадбирлар режасини ишлаб чиқди.
Давлат раҳбарининг «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ва канализация тизимини бошқаришни давлат-хусусий шериклик лойиҳаси асосида амалга ошириш назарда тутилган.
Молия вазирлиги хабарига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Самарқанд, Бухоро, Наманган, Қарши шаҳарлари ҳокимлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги масъул қилиб белгиланган.
2020 йилда мазкур лойиҳа бўйича давлат-хусусий шериклиги битимини имзолаш ва уни амалга ошириш кўзда тутилган.