Сув тошган аксарият канализация қудуқларидан юзлаб болалар таглиги (“памперс”) тозалаб олинган

Кечаги кучли ёмғирдан сўнг юз берган сув тошқинларидан сўнг “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ аҳолига мурожаат билан чиқди. Маълум қилинишича, ёмғирлар давомида авария-диспетчерлик гуруҳлари томонидан тошқин бўлган ҳудудларда канализация қудуқларидан жуда кўп миқдорда ишлатилган болалар таглиги, шампунь ва сув елим идишлари чиқариб олишган ва шундан сўнг канализация тармоғи яна ишлай бошлаган.

“Ҳурматли шаҳримиз фуқаролари! “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ сиз, оқова сув хизмати фойдаланувчиларидан шуни илтимос қиламиз:

Аввало, хонадонингизга уланган оқова сув тармоқларидан самарали ва узоқ муддат муаммосиз фойдаланмоқчи бўлсангиз, тизимда носозлик келтириб чиқарманг. Ҳозирги кунда канализация билан боғлиқ авария ҳолатларининг 90 фоизи тармоқда қор-ёмғир сувларининг уланиши, болалар тагликлари (памперс) ва турли чиқиндиларнинг оқова қудуқларига ташланиши оқибатида келиб чиқмоқда.

Бундай ҳолатлар билан нафақат ўзимиз фойдаланаётган тармоққа, балки оқова сувларини зарарсизлантириш жараёнида олиб бориладиган ишларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда”, дейилади “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ахборот хизмати хабарида.

P/S: Албатта, кучли ёмғирлардан сўнг сув тошқинларини келтириб чиқарадиган кўплаб сабаблар бор: муҳандислик коммуникация тармоқлари йўқ ёки эскиргани, мавжуд ариқларнинг кўмиб юборилгани ва торлиги каби. Аммо суратлардан кўриниб турибдики, аксарият ҳолатларда канализацияга ташлаб юборилган чиқиндилар ҳам охир-оқибат сув тўпланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Мутахассислар канализацияга ташланган бир дона болалар таглиги ҳам оқова тизимига миллионлаб зарар етказиши мумкинлигини таъкидламоқда.